Ўзбекистон | 21:04 / 04.09.2024
5002
2 дақиқада ўқилади

Президент «Тошкент-Шарқий» аэропорти қурилишини кўздан кечирди

Давлат раҳбари биноларнинг фасад қисми миллий дизайнда бўлиши, пардозлаш ва жиҳозлашда иссиқ рангларга кўпроқ ўрин берилишига аҳамият қаратди.

Президент Шавкат Мирзиёев 4 сентябр куни «Тошкент-Шарқий» аэропорти қурилиши билан танишди.

Қайд қилинишича, «Тошкент-Шарқий» аэропорти қайта қурилмоқда. Дастлаб 4 километр узунликдаги учиш-қўниш йўлаги қурилди. У энг оғир самолётларни ҳам қабул қилиш қувватига эга. Айни пайтда юқори мартабали меҳмонлар учун ҳамда бизнес-авиация учун 2 та терминал, перрон ва ангарлар барпо этилмоқда. Аэропорт ноқулай об-ҳаво шароитларида ҳам учиш-қўнишни таъминловчи ICAO III-А тоифасидаги замонавий радиотехника ва метеорология ускуналари билан жиҳозланади.

Тадбирда терминалларнинг ташқи ва ички кўриниши бўйича тақдимот ўтказилди. Давлат раҳбари биноларнинг фасад қисми миллий дизайнда бўлиши, пардозлаш ва жиҳозлашда иссиқ рангларга кўпроқ ўрин берилишига аҳамият қаратди. Юқори мартабали меҳмонларни кутиб олиш, учрашувлар ўтказиш учун барча қулайликларни инобатга олиш зарурлигини таъкидлади.

Мазкур аэропорт «Янги Ўзбекистон» боғи, Олимпия шаҳарчаси билан ёнма-ён. Ушбу мажмуаларни ва йўл бўйини кўкаламзорлаштириш, гуллар экиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Мавзуга оид