Жаҳон | 18:39 / 06.09.2024
8520
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон ўз фуқароларини Россияга боришдан вақтинча тийилишга чақирди

Қозоғистон эса ўз фуқароларига Украинани тарк этишни тавсия қилди.

Фото: ТАСС

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз фуқароларига Россияга саёҳат қилишдан вақтинча воз кечишни тавсия қилди.

«Россия ҳудудида жорий қилинган қўшимча хавфсизлик чоралари ва чет эл фуқароларининг давлат чегараси орқали ўтиши устидан кучайтирилган назорат режими давом этаётгани туфайли, Қирғизистон Республикасининг Россиядаги элчихонаси Қирғизистон фуқароларига Россияга бориш учун узрли сабаблари бўлмаганда, юқорида кўрсатилган чоралар олиб ташлангунга қадар саёҳат қилишдан вақтинча тийилишини сўрайди», дейилади департамент хабарида.

Тавсия Марказий Осиё давлатларидан борган мигрантларнинг Россияда бўлиши устидан назорат кучайтирилиши, хусусан, депортация қилинганлар сонининг кўпайиши ва мигрантларнинг Россияга киришини чеклаши ҳақидаги хабарлар фонида берилган.

Шу билан бирга, Қозоғистоннинг Украинадаги элчихонаси қозоғистонликларга «ортиб бораётган кескинлик ва хавфсизлик нуқтаи назаридан» Украинани тарк этишни тавсия қилди.

Элчихона хабарида таъкидланишича, Қозоғистон фуқаролари Украинадан қайтиш учун қуруқлик йўллари: Полша ёки Молдова орқали, шунингдек, ҳаво қатновларидан фойдаланиши мумкин. Бундан ташқари, Полша орқали кетаётганда, Қозоғистон фуқаролари Шенген визасига эга бўлишлари керак, аммо Молдовага кириш учун виза талаб қилинмайди.

Мавзуга оид