Ўзбекистон | 14:11 / 10.09.2024
6671
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Россия делегациясини қабул қилди

Музокараларда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ҳамкорлик, кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини кенгайтириш муҳокама қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 сентябр куни Россия Федерацияси ҳукумати раиси Михаил Мишустин бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашув аввалида Михаил Мишустин давлат раҳбарига Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Музокаралар давомида Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик, кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Россия президентининг жорий йил 26-28 май кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида қабул қилинган қарор ва келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шу маънода, қўшма комиссиянинг кеча ўтказилган навбатдаги йиғилишининг самарали натижалари юқори баҳоланди.

Товар айирбошлаш суръатини сақлаб қолиш, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва иқтисодиётнинг бошқа устувор соҳаларида ҳамкорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда жадаллаштириш бўйича мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар кўриш зарурлиги таъкидланди.

Давлат раҳбари ҳудудлар даражасида амалий ҳамкорликни янада кучайтириш, жадал маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш, миграция соҳасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим эканини қайд этди.

Шунингдек, учрашув давомида томонларни қизиқтирган масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Мавзуга оид