Жаҳон | 18:00 / 13.09.2024
17094
4 дақиқада ўқилади

Британия бош вазири Путинга: «Урушни Россия бошлаган ва дарҳол тугатиши мумкин»

Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Россия президенти Владимир Путиннинг Москва ғарб ракеталари билан Россия ҳудудига зарба йўлланиши жиддий эскалация сифатида қабул қилиниши тўғрисидаги сўзларига муносабат билдириб, Украинадаги урушни Россия бошлагани ва ҳозирнинг ўзида уни тугатиши мумкинлиги ҳақида гапирди.

Фото: Reuters

Стармер жума куни АҚШ президенти Жо Байден билан учрашиш учун Вашингтонга учган самолётида журналистлар билан мулоқот қилди.

Учрашувда Украинани Россия тажовузига қарши курашда бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлаш масалалари, жумладан, ғарб қуроллари билан Россия ҳудудларига зарбалар йўллашга қўйилган тақиқни олиб ташлаш масаласи муҳокама қилинади.

Россия президенти пайшанба куни агар бундай қарор қабул қилинса, бу НАТО мамлакатларининг урушдаги тўғридан тўғри иштирокини англатиши ҳақида гапирди.

«Тўғридан тўғри иштирок моҳиятни, можаро моҳиятини сезиларли даражада ўзгартиради. Будет НАТО мамлакатлари, АҚШ, Европа мамлакатлари Россия билан урушаётганини билдиради. Агар шундай бўлса, унда […] биз тегишли қарорларни қабул қиламиз», — деган Путин.

Унинг сўзларига муносабат билдириш сўралган саволга жавобан британлар бош вазири шундай деди: «Бу можарони Россия бошлаган. Россия Украинага ноқонуний бостириб кирган. Бу можарони ҳам Россия дарҳол тўхтатиши мумкин. Украина ўзини мудофаа қилиш ҳуқуқига эга ва биз ўз имкониятларимизни тақдим этиш орқали Украинанинг бу ҳуқуқини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Аммо биз Россия билан зиддиятга интилмаяпмиз, бизнинг заррача ҳам бундай ниятимиз йўқ», — деган у.

BBC мухбири қайд этишича, Стармер Россиянинг ичкари ҳудудларига узоқ масофали қуроллар билан зарба беришга ўрнатилган чекловнинг бекор қилиниши истиқболларини изоҳлашда вазминлик қилган, аммо бу масала кун тартибида турганини инкор этмаган.

«Биз АҚШнинг муҳим иттифоқчилари саналамиз ва айниқса Украина ҳамда Яқин Шарқ масалалари бўйича жуда ва жуда яқиндан ҳамкорлик қиламиз. Яқин ҳафталар ва ойлар ичида чиндан ҳам Украинада ва Яқин Шарқда жуда муҳим ўзгаришларни кўришимиз мумкин ва шунинг учун қатор тактик қарорларни қабул қилиш зарурати пайдо бўлган. Мен  жуда ҳам истардимки, бу тактик қарорлар стратегик контекстда қабул қилинсин», — дея қўшимча қилган у.

Бош вазир бу ҳафта АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Британия Форин-офиси раҳбари Дэвид Лэмми Киевга ташриф билан борганини эслаган. Стармернинг сўзларига кўра, улар Вашингтондаги муҳокамаларда ҳам иштирок этади.

Стармер жума куни Вашингтонда Байден билан учрашади. Фото: Reuters

Times нашри ёзишича, жума куни Оқ уйдаги учрашувда Стармер Жо Байденни Украина Британия етказиб берган Storm Shadow ракеталаридан Россиядаги нишонлар бўйлаб зарба йўллашига рухсат беришга кўндирмоқчи.

Нашр маълумотларига кўра, Британия ва АҚШ Украинага британлар ва французлар ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган Storm Shadow қанотли ракеталари (французча варианти SCALP EG деб аталади) билан Россияга зарба йўллашига рухсат бермоқчи, аммо эскалация эҳтимоли туфайли Байден Американинг ATACMS ракеталари билан зарба йўлланишига ҳозирча рози эмас.

New York Times ҳам манбаларга таяниб, АҚШ президенти Украина ғарб қуроллари билан Россиянинг фронт ортидаги базаларига зарбалар йўллашига рози экани, аммо Америка қуроллари бундан мустасно бўлиши ҳақида ёзган.

Шу билан бирга, нашр суҳбатдошлари Байден ҳали якуний қарорни қабул қилмаганини таъкидлашган.

Мавзуга оид