Жаҳон | 21:11 / 16.09.2024
10472
2 дақиқада ўқилади

Красноярскда маҳаллий бозорларда рейд ўтказилиб, 520 мигрант қўлга олинди

Қўлга олинганлар орасида Ўзбекистон, Озарбойжон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари борлиги таъкидланмоқда.

Фото: Красноярск Тергов қўмитаси

Россиянинг Красноярск шаҳрида хавфсизлик кучлари маҳаллий бозорларда рейд ўтказди, натижада 520 киши, жумладан, 417 нафар хорижлик қўлга олинди. Бу ҳақда Тергов қўмитасининг Красноярск ўлкаси ва Хакасия Республикаси бўйича департаменти хабар берди.

Ҳибсга олинганларнинг «жиноятларга алоқадорлигини текшириш» учун оғиз бўшлиғидан сурма олинган. Қўлга олинганлар орасида Ўзбекистон, Озарбойжон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари ҳам борлиги таъкидланмоқда. Айтилишича, улар Россияда «миграция қонунчилигини бузган ҳолда» бўлган. Ушбу шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш масаласи қўзғатилиб, камида 7 нафар шахсга нисбатан депортация қилиш масаласи ҳал қилинмоқда.

Шу билан бирга, ноқонуний миграцияни ташкил этиш, чет эл фуқароларини сохта рўйхатга олиш, шунингдек, қалбаки ҳужжатлардан фойдаланиш белгиларини ўз ичига олган 50 та иш очилган. Миграция соҳасидаги 24 та маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланган.

Шунингдек, рейд давомида «Россия фуқаролигини олган, аммо ҳарбий хизматга ўз вақтида рўйхатдан ўтмаган 92 нафар фуқаро аниқланган». Хавфсизлик хизмати ходимлари уларга ҳарбий бўлимларнинг чақирув қоғозини топширган.

Россиядаги Ички ишлар вазирлиги ва бошқа идоралар мунтазам равишда мигрантлар ишлаётган ёки яшайдиган жойларда рейдлар ўтказмоқда. Шу йўл билан Россия фуқаролигини олган, аммо ҳарбий қўмитада рўйхатдан ўтмаганларни топишга ҳаракат қилмоқда. Шу билан бирга, Россияда бўлиш қоидаларини бузган мигрантлар оммавий депортация қилинмоқда.

Мавзуга оид