Жаҳон | 18:18 / 16.09.2024
8438
2 дақиқада ўқилади

Россия-Украина ўртасидаги ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилиши керак — Тўқаев

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Остонага келган Германия канцлери Олаф Шолцнинг илтимосига кўра Украина атрофидаги вазиятга тўхталди. У аввал ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилиши, кейин эса ҳудудий масалалар ҳал қилиниши кераклигини айтган. “Россия ҳарбий жиҳатдан енгилмайди, урушнинг авж олиши эса томонлар учун тузатиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келади”, деган Тўқаев.

Фото: akorda.kz

16 сентябрь куни куни Остона шарида Қозоғистон президенти Қосим Жўмарт Тўқаев Германия канцлери Олаф Шолц билан учрашувда унинг илтимосига кўра Украина атрофидаги вазият ҳақида фикр билдирди.

«Факт шуки, Россия ҳарбий жиҳатдан енгилмайди. Урушнинг янада авж олиши бутун инсоният ва биринчи навбатда, Россия-Украина можаросида бевосита иштирок этаётган барча мамлакатлар учун тузатиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келади. Афсуски, Истанбул битимини тузишдан бош тортиш билан ҳеч бўлмаганда сулҳга эришиш учун яхши имконият йўқолди. Аммо тинчлик учун имконият ҳали ҳам мавжуд. Турли давлатларнинг барча тинчлик ташаббусларини диққат билан кўриб чиқиш ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилиш керак. Кейин ҳудудий масалаларни муҳокама қилишга ўтилади.

Бизнингча, Хитой ва Бразилия таклиф қилаётган тинчлик режалари қўллаб-қувватлашга лойиқ. Давлат раҳбарлари келиб-кетади, лекин халқлар, айниқса, қўшни халқлар тинч ва ўзаро ҳамжиҳатликда яшаши керак.

Қозоғистон Россия билан дунёдаги энг узун қуруқлик чегарасига эга бўлиб, мамлакатларимиз ўртасида ҳамкорлик стратегик шерикчилик ва иттифоқчилик доирасида ривожланиб бормоқда. Қозоғистон Украина халқига ва унинг ўзига хос маданиятига чин дилдан илиқ муносабат билан қарайди. Давлатларимиз ўртасида ҳеч қачон келишмовчилик бўлмаган. Киевда мамлакатимиз элчихонаси ўз фаолиятини давом эттирмоқда», — деган Қозоғистон етакчиси Германия канцлери билан тор доирадаги учрашувда.

Германия канцлери Олаф Шолц илк марта Марказий Осиёга ташриф буюрди. У дастлаб Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев билан учрашди. 16 сентябрь куни Қозоғистон раҳбари билан учрашувлар бўлиб ўтмоқда. Шолц 17 сентябрь куни Остонада Марказий Осиё давлат раҳбарлари билан саммит доирасида учрашади.

Мавзуга оид