Жаҳон | 13:33 / 22.09.2024
20337
3 дақиқада ўқилади

«Ҳизбуллоҳ» Исроил бўйлаб 100 дан ортиқ ракета учирди

Исроил армияси ҳам Ливан бўйлаб навбатдаги зарбаларни амалга оширди.

Исроил шимолидаги Кирят-Бяликда «Ҳизбуллоҳ» зарбаси оқибатлари. Фото: EPA

Тунда «Ҳизбуллоҳ» Ливандан Исроил шимолига ўнлаб ракеталар билан ҳужум уюштирди. Бутун тун давомида ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сиреналар чалинган. Исроил армияси маълумотига кўра, учирилган 105 та ракетадан аксари тутиб қолинган, аммо айрим уйлар шикастланган.

«Ҳизбуллоҳ» ҳафта аввалида гуруҳ аъзоларининг пейжерлари ва рация воситалари портлатилиши учун жавоб сифатида саноат ва ҳарбий объектлар бўйлаб зарбалар йўлланганини маълум қилган.

Исроил эса жума куни Байрутга йўлланган авиазарба оқибатидан Ливан бўйлаб ҳужумларни давом эттирмоқда, икки кун олдинги ҳужум оқибатида, Исроил мудофаа армиясига кўра, «Ҳизбуллоҳ»нинг бир неча қўмондони ҳалок бўлган. Ливан 45 киши ўлими тўғрисида хабар берган.

Шанба куни Исроилнинг ўнлаб ҳарбий самолётлари Ливан жануби бўйлаб зарбалар йўллади. Исроил армияси матбуот котиби Даниэл Ҳагари бу ҳудудда «Ҳизбуллоҳ»нинг Исроилга зарба бериш учун ўрнатилган қуроллари жойлаштирилгани аниқланганини айтган.

Бундан олдинроқ исроиллик ҳарбийлар 180 га яқин учириш нуқталари бўйлаб зарбалар йўлланиши оқибатида «Ҳизбуллоҳ»нинг 1000 дан ортиқ ракетаси йўқ қилингани ҳақида хабар берганди.

Якшанба тонгида ЦАҲАЛ Исроил шимолидаги ҳамда Жўлан тепаликларининг айрим ҳудудларида яшовчи аҳоли учун чекловлар кучайтирилгани ҳақида хабар берди. Хусусан, одамларга очиқ жойларда 10 дан ортиқ киши тўпланиши тақиқланган. Ишга ва ўқишга фақат у ерларда махсус жиҳозланган ерости бошпаналари бўлган ҳолатда боришга рухсат берилади. Бу чекловлар Исроилнинг йириклиги бўйича учинчи ўринда турувчи шаҳри Ҳайфада ҳам амал қилади.

Ливаннинг Исроил билан чегарадош ҳудудининг зарбалардан кейинги кўриниши. Фото: Reuters

Якунланган ҳафтада Ливанда «Ҳизбуллоҳ» аъзолари мобил телефонлар ўрнига фойдаланадиган пейжерлар ва рация воситалари масофадан туриб портлатилиши оқибатида уч мингдан ошиқ киши яраланиб, 39 киши ҳалок бўлганди.

«Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳассан Насруллоҳ бунда Исроилни айблаган. Исроил эса бу портлашлар учун жавобгарликни расман ўз зиммасига олмаган.

Мавзуга оид