Исроил Ливанда «Ҳизбуллоҳ» етакчилари йўқ қилингани ҳақида хабар берди
ЦАҲАЛ Ливанда «Ҳизбуллоҳ» ракета бўлинмаси қўмондони Муҳаммад Али Исмоил ва гуруҳнинг яна бир қанча етакчилари йўқ қилинганини эълон қилди. Айрим хабарларга кўра, «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ҳам ўлдирилган бўлиши мумкин.
28 сентябр, шанбага ўтар кечаси Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ ) Ливан жанубида «Ҳизбуллоҳ» ракета бўлинмаси қўмондони Муҳаммад Али Исмоил ва унинг ўринбосари Ҳусайн Аҳмад Исмоил йўқ қилинганини маълум қилди. Айтилишича, улар билан бирга гуруҳнинг ўша бўлинмасининг яна бир қанча командирлари йўқ қилинган.
«Муҳаммад Али Исмоил Исроил давлатига қарши кўплаб террорчилик хуружлари, жумладан, Исроил ҳудудига ракета ҳужуми уюштириш ва чоршанба куни Исроил марказига «ер-ер» синфидаги ракета учирилиши учун жавобгардир», — дейилади ЦАҲАЛнинг Telegram-каналида.
«Ҳизбуллоҳ» етакчиси ўлдирилдими?
Аввалроқ Исроил ҳарбийлари Ливан пойтахти Байрут чеккасида жойлашган «Ҳизбуллоҳ»нинг марказий қароргоҳига зарба берилгани ҳақида хабар қилган эди. ЦАҲАЛ матбуот котиби Даниэл Ҳагарийнинг айтишича, «Ҳизбуллоҳ» қароргоҳи Даҳия ҳудудидаги «уй-жойлар остида атайлаб қурилган».
Бир қатор Исроил ОАВ ҳаво ҳужуми натижасида «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг ўлдирилгани эҳтимоли юқори эканлигини хабар қилмоқда. Хусусан, The Times of Israel газетаси исроиллик амалдорнинг сўзларини келтиради: «У бундай зарбадан омон қолишини тасаввур қилиш жуда қийин». Бироқ Reuters ва AFP ахборот агентликлари гуруҳдаги манбаларга таяниб, Насруллоҳнинг тириклиги ҳақида хабар бермоқда. Эроннинг Tasnim ахборот агентлиги ҳам гуруҳ раҳбари «хавфсиз» эканини даъво қилди.
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг дастлабки маълумотларига кўра, Исроилнинг 27 сентябр куни уюштирган ҳужуми натижасида икки киши ҳалок бўлган, яна 76 киши жароҳатланган, деб хабар беради dpa.
Нетаняҳу: Исроил «Ҳизбуллоҳ»ни йўқ қилишга «тўлиқ ҳақли»
Бинямин Нетаняҳу 27 сентябр куни БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқи чоғида Исроил «исроилликларни Ливан билан чегарадаги уйларига қайтариш учун «Ҳизбуллоҳ»ни йўқ қилишга тўла ҳақли», деб таъкидлади. «Террорчилар Эл-Пасо ва Сан-Диего (Мексика билан чегарадош Америка шаҳарлари)ни арвоҳ шаҳарларга айлантирган ҳолатни тасаввур қилиб кўринг. АҚШ ҳукумати бунга қачонгача чидаган бўларди?» деди у. Сўнгра Исроил «бир йилдан бери бу чидаб бўлмас вазиятга чидаб келаётганини» қўшимча қилди.
Нетаняҳу АҚШга ташрифини қисқартириб, Исроилга режалаштирилганидан эрта қайтишга қарор қилди.
26 сентябр куни АҚШ, G7 давлатлари ва бир қатор Яқин Шарқ мамлакатларни Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасида зудлик билан ўт очишни тўхтатиб, музокараларни бошлашга чақирди.
Мавзуга оид
16:05
«Моссад» ходимлари «Ҳизбуллоҳ» пейжерлари ва рацияларини портлатиш амалиёти қандай тайёрланганини айтиб беришди
12:01
Исроил Эронда Ҳамас етакчиси Исмоил Ҳанияни ўлдирганини илк бор тан олди
00:02 / 22.12.2024
Владимир Путин: «Суриядаги воқеалар бенефициари — Исроил»
16:40 / 20.12.2024