Жаҳон | 10:30 / 28.09.2024
5598
2 дақиқада ўқилади

Трамп: Путин ҳам, Зеленский ҳам урушни тугатмоқчи

Доналд Трамп ва Володимир Зеленский Ню-Йоркда учрашди. Суҳбат чоғида Трамп, агар у АҚШ президенти этиб сайланса, Россия Федерацияси ва Украина ўртасида «адолатли» тинчликка эришишини айтди. Зеленский уни Украинага таклиф қилди.

Фото: Reuters

Украина президенти Володимир Зеленский 27 сентябр, жума куни Ню-Йоркдаги «Трамп-тауэр» осмонўпар биносида АҚШ президентлигига номзод Доналд Трамп билан учрашди. 40 дақиқа давом этган суҳбат давомида Трамп бўлажак президентлик сайловларида ғалаба қозонса, Украинадаги урушни тугатишини яна бир бор таъкидлади. Украина етакчиси билан суҳбатдан сўнг Трамп иккаласи ҳам «адолатли келишув»ни исташларини таъкидлади.

«Бизнинг (Зеленский билан) муносабатларимиз жуда яхши, ўзингизга маълумки, мен президент Путин билан жуда яхши муносабатдаман ва ўйлайманки, агар биз (Республикачилар партияси) ғалаба қозонсак, ҳаммасини жуда тез ҳал қиламиз», деди Трамп учрашув олдидан журналистларга. Зеленскийнинг Трампнинг Украина билан муносабатлари Россия Федерациясига қараганда яхшироқ деган сўзларига жавобан АҚШнинг собиқ президенти: «Танго учун икки киши керак бўлади», деб жавоб берди.

Зеленский: Путин ғалаба қозона олмайди

Ўз навбатида, Володимир Зеленский Россия Федерацияси ва Украина ўртасидаги уруш бошланмаслиги керак бўлгани, Россия президенти Владимир Путинга эса «бу урушни тўхтатиш учун босим ўтказиш» кераклигини таъкидлади. «У бизнинг ҳудудимизда жойлашганини тушуниш керак», — дея таъкидлади Украина раҳбари.

Трамп Зеленский ҳам, Путин ҳам уруш тугашини хоҳлашини таъкидлади. «Агар мен ғалаба қозонсам, биз (уруш) адолатли якун топишини кўрамиз», деди Американинг собиқ президенти.

Учрашувдан сўнг Зеленский Трампни Украинага ташриф буюришга таклиф қилди ва у буни «албатта» қилишини айтди.

Кейинчалик, АҚШнинг собиқ президенти билан суҳбатни изоҳлар экан, Зеленский уни «жуда самарали» деб атади. «Украинадаги урушни тўхтатиш керак деган умумий фикрга эгамиз. Путин ғалаба қозона олмайди. Украиналиклар ғалаба қозониши керак», деб ёзади у.

Мавзуга оид