Жаҳон | 12:30 / 02.10.2024
7984
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Су-35'нинг Аляска яқинидаги «хавфли манёври»ни танқид қилди

Шимолий Америка Ҳаво-космик мудофаа қўмондонлиги F-16 яқинидан Су-35 учиб ўтгани акс этган видеони кўрсатди.

Photo: X / NORADCommand

Шимолий Америка Ҳаво-космик мудофаа қўмондонлиги (NORAD) 30 сентябр, душанба куни ўзининг X микроблогида Россиянинг Су-35 қирувчи самолёти Аляска яқинида Америка F-16 самолёти яқинидан учиб ўтгани тасвирланган кадрларни эълон қилди. Видеога изоҳ берган NORAD раҳбари генерал Грегори Гийо манёврни «хавфсиз, нопрофессионал ва ҳамма учун хавф туғдирувчи» деб атади.

Таъкидланишича, ҳодиса 23 сентябр куни NORAD самолётлари «Аляска ҳаво мудофааси ҳимояси зонасида (Alaska Air Defense Identification Zone, ADIZ) Россия ҳарбий самолётларини хавфсиз ва тартибли тутиб олиш»ни амалга оширганида содир бўлган. CBS News телеканали ўз веб-сайтида аниқлик киритишича, бу ҳудуд АҚШ суверен ҳаво ҳудудидан ташқарида жойлашган, бироқ бу ҳудудда самолётлар таниб олиш учун ўзи ҳақида маълумот бериши керак.

Россия қирувчи самолётлари у ерда «130 га яқин америкалик аскарлар Қўшма Штатлар ғарбий чегараларида Россиянинг ҳарбий фаоллиги ортиб бораётган бир пайтда узоқдаги Аляска оролига (Алясканинг Алеут ороллари таркибига кирувчи Шемя ороли) мобил ракета учиргичлари билан вақтинча жойлаштирилганидан бир неча кун ўтиб пайқалган», деб давом этади нашр.

Журналистларнинг таъкидлашича, АҚШ ҳарбийлари Шемя оролига Россия ва Хитой ўртасидаги қўшма ҳарбий машғулотлар пайтида саккизта рус ҳарбий самолёти ва тўртта Россия ҳарбий-денгиз флоти кемаси, шу жумладан иккита сувости кемаси ўтиб кетаётган пайтда юборилган («Бэйбу/Ҳамкорлик-2024» манёврлари). «Ушбу самолётларнинг ҳеч бири АҚШ ҳаво ҳудудини бузмаган», деб таъкидлайди нашр.

Россия самолёти бир кунда Япония ҳаво чегараларини уч марта бузди

23 сентябр куни Япониянинг F-15 ва F-35 қирувчи самолётлари Япония ҳаво ҳудудини бузган Россия ҳарбий разведка самолётига огоҳлантирувчи ракеталар учирди, деб ёзади The Wall Street Journal (WSJ). Таъкидланишича, бу воқеа 1958 йилдан бери япон мудофаа кучларининг огоҳлантирувчи ракеталари учирилган биринчи шундай ҳодисага айланди.

Япония вазирлар маҳкамаси бош котиби Ёшимаса Хаяшининг сўзларига кўра, Россиянинг Ил-38 патрул самолёти 23 сентябр куни маҳаллий вақт билан соат 13:00 дан 16:00 гача Япония шимолидаги Ребунна ороли сувлари устидан учиб уч марта Япония ҳаво ҳудудига кирган.

Ёшимаса Хаяши қўшимча қилишича, Япония ушбу қоидабузарлик юзасидан Россияга «ўта кучли норозилик» билдирди. WSJ таъкидлаганидек, Япония ҳарбий-ҳаво кучлари икки марта Россия самолётига ҳаво ҳудудини тарк этиш тўғрисида огоҳлантириш ва талаблар юборган, учинчи огоҳлантиришдан сўнггина сигнал ракеталарини учирган. Россия Мудофаа вазирлиги нашрнинг вазиятга изоҳ бериш сўровига жавоб қайтармади.

Мавзуга оид