Жаҳон | 09:30 / 16.10.2024
1511
2 дақиқада ўқилади

Поздняков РФ Олимпия қўмитаси раҳбари лавозимини тарк этяпти

РОҚ раҳбари истеъфога чиқиш қарорини «фаолиятнинг асосий йўналишлари, жумладан, катта ютуқлар бўйича спортни бошқаришни оптималлаштириш» зарурати билан изоҳлади.

Станислав Поздняков Фото: Bulkin Sergey / news.ru / Global Look Press

Россия Олимпия қўмитаси (РОҚ) президенти Станислав Поздняков 15 октябр, сешанба куни ўз лавозимини тарк этиш ниятида эканлигини маълум қилди. «Россия Ижроия қўмитаси 7 ноябр куни бўлиб ўтадиган навбатдаги йиғилишда менинг таклифимни (истеъфога чиқиш тўғрисида) қўллаб-қувватлайди ва янги раҳбариятга навбатдан ташқари сайлов ўтказиш бўйича Олимпия қўмитаси йиғилиши санасини белгилайди», — дейилади россиялик спорт функционерининг РОҚ сайтида эълон қилинган ёзма баёнотида.

«Ўша пайтгача ташкилот раҳбари, Ижроия қўмитаси ва РОҚ аппарати ўз вазифаларини тўлиқ бажаришда давом этади», — дейилади ҳужжатда.

Станислав Поздняков истеъфога чиқиш қарорини Россия дуч келаётган геосиёсий муаммолар «фаолиятнинг асосий йўналишлари, жумладан, катта ютуқлар спортини бошқаришни оптималлаштириш ва марказлаштириш зарурлигини тақозо қилаётгани» билан изоҳлади.

Поздняков қиличбозлик бўйича тўрт карра Олимпия чемпиони, ўн карра жаҳон чемпиони ва ўн уч карра Европа чемпиони. У 2018 йилдан буён РОҚ раҳбари лавозимини эгаллаб келмоқда. 2016 йилда Станислав Поздняков ташкилотнинг биринчи вице-президенти этиб сайланган эди, деб эслатади «Интерфакс» агентлиги.

Мавзуга оид