Жаҳон | 10:20 / 17.10.2024
2257
2 дақиқада ўқилади

FATF ташкилоти Россияни қора рўйхатга киритиши мумкин

Украина Россия Федерациясини FATF'нинг жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш бўйича энг юқори хавф туғдирадиган давлатлар рўйхатига киритишни талаб қилмоқда.

Фото: Michael Kappeler / dpa / Globallookpress.com

Жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашувчи ҳукуматлараро ташкилот — The Financial Action Task Force (FATF) Россияни қора рўйхатга киритиш имкониятини кўриб чиқади. Бу ҳақда 15 октябр, сешанба куни Politico интернет нашри таҳририят ихтиёридаги махфий ҳужжатларга таяниб хабар берди.

Аниқлик киритилишича, Украина Россияни FATF қора рўйхатига киритмоқчи. «Парижда жойлашган ташкилот мамлакатларни пул ювиш, терроризмни молиялаштириш ва ядровий, кимёвий ёки биологик қуролларнинг тарқалишига қарши курашиш мажбуриятлари бўйича мунтазам равишда баҳолайди, - деб эслатади Politico. - FATF томонидан қора рўйхат ёки кулранг рўйхатга киритилиш мамлакатнинг молиявий обрўсига жиддий путур етказади ва кўпчилик давлатлар томонидан иқтисодий фалокат йўли сифатида кўрилади».

Хусусан, FATF қора рўйхатига қўшилиш халқаро банк тизимидан ҳақиқий четлашиш хавфини туғдиради.

Европа кенгаши: РФ Украинадаги маданий меросни йўқ қилмоқда

Страсбургдаги Европа кенгаши Россия уруши даврида Украинадаги маданий мероснинг йўқ қилинишини халқаро гуманитар ҳуқуқнинг бузилиши деб атади. Маҳаллий ва минтақавий ҳокимиятлар конгресси 15 октябр куни Украинадаги маданий мерос йўқ қилинаётгани тўғрисидаги декларацияни қабул қилди, деб хабар берди кенгаш.

Конгресс яна урушни қоралади ва Украинанинг «халқаро тан олинган чегаралари доирасидаги мустақиллик, суверенитет ва ҳудудий яхлитликка содиқлигини» яна бир бор тасдиқлади.

Конгресс Россия Федерацияси кенг миқёсли ҳужуми бошланганидан бери мингдан ортиқ маданий объектлар бузилгани ёки йўқ қилинганлигини таъкидлади. Декларация муаллифлари «маданий обидаларга ҳужумлар ва уларни талон-торож қилиш» Украинанинг тарихий ва маданий ўзига хослигини йўқ қилишга қаратилган тизимли сиёсатнинг бир қисми сифатида рўй бераётганига ишонч билдиришди. Бу, ҳужжатни ишлаб чиқувчиларга кўра, «геноцид ниятларига тўғри келади».

Мавзуга оид