Жаҳон | 09:30 / 17.10.2024
3170
2 дақиқада ўқилади

Мерц Германия канцлерини Путин олдидаги қўрқувни енгишга чақирди

ГФР мухолифати етакчисига кўра, Германия Россия президентига рухсат этилган чегараларни кўрсатиши керак. Москванинг Украинадаги фуқаролик инфратузилмасига ҳужумларини қабул қилиб бўлмайди, деди Мерц Шолцнинг Бундестагдаги нутқига жавобан.

Фридрих Мерц Фото: spiegel.de

ХДИ/ХСИ мухолифат блокидан Германия канцлери лавозимига номзод Фридрих Мерц Германия ҳукуматининг амалдаги раҳбари Олаф Шолцни ўз позицияси билан Россия президенти Владимир Путиннинг Украинадаги урушни давом эттиришига ҳисса қўшганликда айблади. Христиан-демократик иттифоқ раисининг 16 октябр, чоршанба кунги баёноти Шолцнинг Бундестаг депутатлари олдидаги нутқига жавоб бўлди.

«Сизнинг позициянгиз билан боғлиқ ҳолда, сиз Украина ўз ҳаракатларида чекланиб қолган ҳолда Путинга қарши курашишга мажбур бўлганлиги учун ҳам шахсий жавобгарсиз», — дея Мерц сўзларини келтиради dpa агентлиги. «Бу энди давом этиши керак эмас», дея қўшимча қилди у.

Путин «тактик ядро қуролидан фойдаланиш таҳдидлари Ғарбга, жумладан, сизга ҳам жиддий таъсир кўрсатади, деган хаёлга бориши табиий», деди Мерц Шолцга. «Жаноб канцлер, сиз учун ҳам, биз учун ҳам Украинадаги фожиаларга биргаликда чек қўйиш учун Путиндан қўрқишни енгиш вақти келди», — дея таъкидлади мухолифат етакчиси.

ГФР канцлерлигига номзод: Киев учун ғалаба - ҳудудлар назорати

Украинанинг Россияга қарши урушда ғалабаси унинг ҳудуди устидан назоратни қайтариш ва Россия қўшни давлатга ҳужум қилишни тўхтатадиган вазият бўлиши керак. Бу фикрни 29 сентябр куни Bild таблоидига берган интервюсида мухолифатдаги Христиан-демократик иттифоқ/Христиан-социал иттифоқ (ХДИ/ХСИ) блокидан Германия канцлери лавозимига номзод Фридрих Мерц билдирди.

«Украина ҳеч қачон Россияни (ҳарбий жиҳатдан) мағлуб эта олмайди, - деди Мерц. - Аммо мен учун ғалаба унинг ҳудуд устидан суверенитетини қайтариб олиши кераклигини англатади. Биз Россияга ҳарбий куч ишлатиш билан урушни давом эттириш бефойда эканлигини кўриш учун ҳамма нарсани қилишимиз керак».

Мавзуга оид