Жаҳон | 15:30 / 21.10.2024
2965
3 дақиқада ўқилади

ГФР канцлери Туркияга қурол етказишни давом эттириш тарафдори эканини айтди

Олаф Шолц ва Ражаб Тоййиб Эрдўған Истанбулда Европа қуролларини Туркияга етказиб бериш ва Яқин Шарқдаги можарони муҳокама қилди. Германия канцлери Анқарага қурол экспорт қилинишини мантиқий деб атади.

Фото: tccb.gov.tr

Германия канцлери Олаф Шолц ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Туркияга Европа қуролларини етказиб беришни давом эттириш тарафдори. Бу ҳақда улар 19 октябр, шанба куни Истанбулда бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида маълум қилишди.

«Туркия НАТО аъзоси ва шунинг учун биз аниқ етказиб беришга олиб келадиган қарорлар қабул қилишда давом этамиз», дея dpa агентлиги Шолцнинг сўзларини келтирган. Эрдўған, шунингдек, Анқаранинг Европа қуролларини харид қилишдан манфаатдор эканлигини маълум қилди. «Биз ниҳоят мудофаа маҳсулотларини харид қилишда дуч келган муаммоларни ортда қолдириб, ҳамкорликни кенгайтирмоқчимиз», деди Туркия раҳбари.

Хусусан, гап Туркия қабул қилишни кутаётган Европада ишлаб чиқарилган Eurofighter қирувчи самолётларига тегишли. Таъкидланганидек, Германия ҳам самолётлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади, шунинг учун уларни етказиб бериш учун унинг раҳбарияти розилиги талаб қилинади. Шолц Буюк Британиянинг Анқара билан бу борада музокаралар олиб бораётганини билдирди. Айни пайтда Европа давлатларидан ташқари, Eurofighter Қатар, Қувайт, Саудия Арабистони ва Уммон армияларида фойдаланилмоқда.

2019 йилда турк қўшинлари Сурия шимолига ҳужум бошлаганида Германиядан Туркияга қурол етказиб бериш сезиларли даражада камайди. Мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият туфайли у ерга қурол экспорт қилиш мақбуллиги ҳақидаги баҳслар ҳам давом этмоқда. Бироқ, Der Spiegel журнали хабар қилганидек, 2024 йил сентябр ойида Туркияга камида 236 миллион евролик немис қуроллари, жумладан, зенитли ракеталар ва торпедалар экспорти маъқулланган.

ГФР канцлери: Туркияга ташриф чоғида кўп мавзуларни муҳокама қилиш керак бўлади

Германия федерал канцлери Олаф Шолц Туркияга ташрифи давомида миграция, Европа Иттифоқи билан алоқалар, Берлин ва Анқара ўртасидаги икки томонлама муносабатларга оид кўплаб масалаларни муҳокама қилиш ниятида эканини айтганди.

Бу ҳақда сиёсатчи журналистларга Европа Иттифоқининг Брюсселдаги саммити якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.

Шолц Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан 19 октябрга белгиланган учрашув кун тартибида бир қатор долзарб масалалар борлигини таъкидлаганди.

«Миграция масаласи, албатта, ҳар доимгидек муҳим. Европа Иттифоқи ва Туркиянинг бу борада ҳамкорлик қилиши тўғри ва мантиқийдир. Биз буни доимо қўллаб-қувватлаб келганмиз ва Европа Иттифоқини тегишли келишувларни кенгайтиришга чақирганмиз», — деди сиёсатчи.

Шолц Туркия раҳбари билан учрашувда муҳокама қилиниши режалаштирилган бошқа масалаларга эътибор қаратди.

«Туркия ва Европа ўртасидаги икки томонлама муносабатлар, шунингдек, Берлин ва Анқара муносабатларига оид бошқа масалаларни муҳокама қилишимиз керак», деди у.

Мавзуга оид