Ўзбекистон | 21:46 / 25.10.2024
23376
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон тоғларида Ипак йўлининг йўқолган иккита шаҳри топилди

Аниқланган шаҳарлардан бири — Тугунбулоқ бўлиб, унинг майдони камида 120 гектарни ташкил этади ва у денгиз сатҳидан 2000 метр баландликда жойлашган.

Фото: Michael Frachetti

Археологлар Ўзбекистоннинг жануби-шарқидаги тоғларда ўрта асрларга тегишли иккита шаҳар қолдиқларини топди. Ушбу янгилик инсонлардаги афсонавий Ипак йўли тушунчасини ўзгартириб юбориши мумкин, деб ёзади BBC.

Nature журналида эълон қилинган мақолага кўра, Тадқиқотчилар гуруҳига Сент-Луисдаги Вашингтон университети антропологи Майкл Фракетти ва Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази директори Фарҳод Мақсудов раҳбарлик қилган.

Аниқланган шаҳарлардан бири — Тугунбулоқ бўлиб, унинг майдони камида 120 гектарни ташкил этади ва у денгиз сатҳидан 2000 метр баландликда жойлашган. Ҳозирда ушбу баландлик яшаш учун яроқсиз ҳисобланади.

Фото: Michael Frachetti
Фото: Michael Frachetti

«Энди ушбу топилма туфайли Марказий Осиё тарихи ўзгаради», — дейди Фарҳод Мақсудов.

Тадқиқотчилар жамоасининг таъкидлашича, Тугунбулоқ ва кичикроқ шаҳар бўлган Тошбулоқ VIII ва XI асрларда гавжум шаҳар бўлган. Ҳозирда бу каби баланд ҳудудда дунё аҳолисининг 3 фоизигина яшайди — Тибет ва Перуда.

Гуруҳ дастлаб 2011 йилда тоғга саёҳат пайтида кичикроқ шаҳар бўлган Тошбулоқни топган. Тадқиқотчиларнинг айтишича, тоғлардан бирининг чўққисига кўтарилаётиб, улар ғалати тепаликлар билан қопланган текисликни пайқаб қолган. Бу тепаликлар оддий кўзга унчалик эътиборли кўринмаган. Шу жойда улар минглаб сопол парчаларига ҳам дуч келган.

Фото: Michael Frachetti

2015 йилда Тошбулоқда қазишма ишлари олиб борилаётганда, Фракеттига бу жойдан бир неча километр нарида оиласи билан яшайдиган ўрмон хўжалиги инспектори мурожаат қилиб, уйининг орқа ҳовлисида ҳам шундай турдаги сопол идишлар борлигини айтgган.

Фракеттининг сўзларига кўра, тарихий қайдларда мазкур ҳудудда шаҳар борлиги ҳақида сўз боради, аммо гуруҳ денгиз сатҳидан 2200 метр баландликда майдони 12 гектарни ташкил этадиган шаҳарга дуч келишларини кутмаган.

Фото: Michael Frachetti

Тошбулоқ майдони 12 гектардан 15 гектаргача етган. Тугунбулоққа нисбатан кичикроқ бўлишига қарамай, унда ҳам қалъа бўлган. Олимлар у ерда Тугунбулоқдаги уйлар билан ўхшаш шакл ва ўлчамга эга бўлган камида 98 та кўзга ташланадиган турар жой топган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, Тошбулоқ VI—XI асрлар оралиғида, Тугунбулоқ эса VIII—XI асрларда жойлашган.

«Одатда олимлар аҳоли турар жойлари мавжудлигини исботлаш учун водийнинг текис ҳудудларини ўрганган, шу боис ушбу топилма эътиборга молик», — дейди Оксфорд университети профессори Питер Франкопан.

Мавзуга оид