Жаҳон | 12:57 / 26.10.2024
2035
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Ғалаба режаси бўйича давлатлар даражасида фаол ишлашга чақирди

Украина президенти украиналиклар ўз мамлакатини ҳимоя қилиш учун қўлдан келган барча ишни қилаётгани, аммо тўлиқ ғалаба учун халқаро ҳамкорлар қўллаб-қувватлаши зарурлигини таъкидлади.

Фото: AP

Украина президенти Володимир Зеленский Маҳаллий ва минтақавий ҳокимиятлар конгресси президиумининг кенгайтирилган йиғилишида сўзлаган нутқида урушда ғалаба қозониш учун Украина халқининг бирлиги муҳимлигини таъкидлади. Давлат раҳбари йиғилганларга батафсил «Ғалаба режаси»ни тақдим этди.

Зеленскийнинг қайд этишича, украиналиклар ўз мамлакатларини ҳимоя қилиш учун барча имкониятларни ишга солмоқда, аммо тўлиқ ғалаба учун халқаро ҳамкорлар қўллаб-қувватлаши керак. У маҳаллий ҳокимият органларини «Ғалаба режаси»ни амалга оширишда фаол иштирок этишга ва бошқа мамлакатлар минтақалари билан алоқа ўрнатишга чақирди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Вазирлар Маҳкамаси, Олий Рада ва Президент девони Режа бандларини амалга ошириш салоҳиятига эга бўлган асосий давлатлар билан аллақачон жамоавий даражада ишламоқда.

«Биз ҳар доим ҳамкорларимиз билан барча даражадаги — энг юқори даражада ва Украина билан бўлган ва биз учун тинчлик ва адолатни чин дилдан истайдиган ҳар бир шахс даражасида ишлаймиз. Биз раҳбарлар билан ишлаймиз. Ҳукуматлар ва парламентлар аллақачон боғланган», — деди Зеленский.

Президент девони раҳбари Андрей Ермакнинг таъкидлашича, «Ғалаба режаси» нафақат Украина жамиятини, балки Украина иттифоқчиларини ҳам бирлаштириш учун асос бўлиши мумкин. У ушбу режани маҳаллий даражада фаол илгари суриш ва бошқа мамлакатлар минтақалари билан ҳамкорликни йўлга қўйишга чақирди.

Мавзуга оид