БМТ бош котиби Исроилнинг UNRWA ишини тақиқлаш қароридан чуқур хавотирда
UNRWA ишғол қилинган ҳудудлардаги фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатишнинг асосий йўналишидир ва унга муқобил йўқ, деди Гутерриш.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш Исроил парламенти томонидан БМТнинг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам ишлари агентлиги (UNRWA) фаолиятини тугатувчи қонун лойиҳаси маъқулланганидан чуқур хавотир билдирди.
Гутерриш ёзма баёнотида, агар қонун кучга кирса, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан ваколат берилган агентликнинг Шарқий Қуддус билан бирга босиб олинган Фаластин ҳудудларида ўз миссиясини бажара олмаслигини таъкидлади.
«UNRWA босиб олинган ҳудудлардаги фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатишнинг асосий йўналиши бўлиб, унга муқобил йўқ. Исроил парламентида UNRWA'га оид иккита қонун қабул қилинганидан қаттиқ хавотирдаман», деди Гутерриш.
Унинг сўзларига кўра, бу қонунларнинг амалга оширилиши фаластинлик қочқинлар учун даҳшатли оқибатларга олиб келади, буни эса қабул қилиб бўлмайди. Бош котиб Исроилни БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқ доирасидаги мажбуриятларини бажаришга чақирди.
Гутерриш миллий қонунлар халқаро мажбуриятларни бекор қилмаслиги кераклигини таъкидлади. У янги қонун минтақани беқарорлаштириши ва Исроил-Фаластин можаросини янада кучайтириши мумкинлигидан огоҳлантирди.
БМТ бош котибининг айтишича, бу масала БМТ Бош Ассамблеяси муҳокамасига киритилади ва у мунтазам равишда вазият ривожи ҳақида хабардор қилинади.
Куни кеча Исроил парламенти UNRWA'нинг Исроилдаги фаолиятини тугатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади.
Мавзуга оид
16:05
«Моссад» ходимлари «Ҳизбуллоҳ» пейжерлари ва рацияларини портлатиш амалиёти қандай тайёрланганини айтиб беришди
13:38
“Болалар совуқдан музлаяпти” – БМТ вакиллари қиш фаластинликлар ҳаётини янада оғирлаштираётганини маълум қилди
12:01
Исроил Эронда Ҳамас етакчиси Исмоил Ҳанияни ўлдирганини илк бор тан олди
00:02 / 22.12.2024