Президент Янги Тошкентдаги илм ва таълим масканлари қурилиши билан танишди
«Бизнинг иккита ўқ томиримиз, иккита таянч устунимиз бор: бири – иқтисодиёт бўлса, бири – маънавиятдир». Давлат раҳбари янги шаҳар қурилишини нега маърифат масканларидан бошланганини тушунтирди.
Шавкат Мирзиёев 28 декабр куни Янги Тошкент шаҳрида қурилаётган объектлар билан танишди. Жумладан, 30 минг кв.м. майдонда жойлашган Миллий кутубхонани бориб кўрди.
- Мен аввал айтганимдек, бизнинг иккита ўқ томиримиз, иккита таянч устунимиз бор: бири – иқтисодиёт бўлса, бири – маънавиятдир. Маънавий буюк халқ – иқтисодий томондан ҳам буюк бўлади. Билимли ёшлар боболаримизга муносиб кенг фикрли, миллий ғурурли, етук инсонлар бўлади. Шунинг учун янги шаҳримиз қурилишини маърифат масканларидан бошлаяпмиз. Булар юз йилга татигулик маънавият, маърифат, илм ўчоғи бўлиши керак, - деди Шавкат Мирзиёев.
Замонавий кутубхонада ходимлар ҳам шунга муносиб бўлиши, илғор ахборот технологиялари ва хизматларни яхши билиши кераклиги таъкидланди. Шу боис Ўзбекистон Миллий университети ва бошқа ўқув юртларида кутубхоначилар тайёрлаш сифатини ошириш вазифаси қўйилди. Мамлакатимизнинг 14 та шаҳрида кутубхона филиалларини ташкил этиб, ҳудудлардаги аҳолининг ҳам китоб ўқишига қулайлик яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шаҳарда Тошкент давлат педагогика университети ҳамда «Янги Ўзбекистон» университети учун замонавий мажмуалар ҳам бунёд этилмоқда. Президент уларнинг қурилиш жараёнини кўздан кечирди.
Давлат раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган «Янги Ўзбекистон» университети учун янги мажмуа қурилиши уч босқичда олиб борилади. Дастлаб ўқув объектлари ва ректорат биноси бунёд этилиши кўзда тутилган.
Якунда ўн минг нафар талабани қамраб оладиган бешта факултет, бир вақтнинг ўзида саккиз минг нафар талабага хизмат кўрсатадиган ректорат биноси қад кўтаради. Кутубхона, музей, кўргазма зали, мультимедиа хонаси, спорт мажмуаси, сузиш ҳавзаси ташкил этилади.
Давлат раҳбари бу мажмуаларнинг келгусидаги аҳамиятига тўхталиб, ўқув жараёнини оқилона ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади.
- Бу маърифат масканлари - ёшларимизга инвестиция. Улардаги йўналишлар, дастурлар, таълим сифати ва касбларда Янги Ўзбекистонимиздаги марралар мужассам бўлиши керак. Бугун билим олаётган ёшлар келажакда мамлакатимизни олдинга бошлайдиган, муаммоларни ҳал этадиган «калит», деди президент.
Мавзуга оид
00:02
Шавкат Мирзиёев ўзбекистонликларни янги йил билан табриклади
16:19 / 28.12.2024
Янги Тошкентда вазирлик ва идоралар ишини ташкил этиш учун вақтинчалик маъмурий бинолар қурилмоқда
16:16 / 24.12.2024
Ўзбекистон ва Озарбойжон президентлари телефон орқали суҳбатлашди
09:27 / 24.12.2024