Жаҳон | 21:20 / 10.01.2025
1156
3 дақиқада ўқилади

Суд «сукут учун пул» жиноий иши бўйича Трампни шартсиз озод қилди

Ҳукм Трампда судланганлик мақоми бўлишини, аммо қамоқ ёки жаримага тортилмаслигини англатади. У ҳукм устидан апелляция бериш ҳуқуқига эга.

Фото: AP

Ню-Йорк штати судяси Хуан Мерчан АҚШ сайланган президенти Доналд Трампнинг «сукут учун пул» жиноий иши бўйича қарор чиқарди ва уни шартсиз озодликка чиқаришга буйруқ берди.

CNN хабарига кўра, ҳукм Трампда судланганлик мақоми бўлишини, аммо қамоқ ёки жаримага тортилмаслигини англатади. У ҳукм устидан апелляция бериш ҳуқуқига эга.

Трамп суд мажлисида иштирок этмади, суд унга видеоалоқа орқали ҳукмни эшитишга рухсат берди — у адвокати билан Флоридада эди.

Суд қароридан сўнг Трамп ўзига нисбатан «жуда ва жуда адолатсиз» муносабатда бўлишганини айтди ва ўзига қарши ишни «сиёсий жодугар ови» деб атади.

Бу Трампга нисбатан очилган ва суд ҳукмигача етиб борган ягона жиноий ишдир.

Махфий ҳужжатларни ноқонуний сақлаш бўйича иш 2024 йил июлида тугатилди, 2021 йилда Капитолийга бостириб кириш бўйича иш эса ноябр ойида ёпилган эди. Жоржия штатида 2020 йилги президентлик сайлови натижаларини расмийлаштиришга тўсқинлик қилиш билан боғлиқ яна бир иш прокурор Фани Уиллиснинг четлатилиши туфайли узоқ муддатга тўхтатилди.

Доналд Трамп порно-актриса Сторми Дэниелсга «ўз муносабатлари ҳақида сукут сақлаши учун» берилган 130 минг долларлик тўловни яшириш мақсадида ҳужжатларни сохталаштирганликда айбланди. У Трамп билан 2006 йилда яқин алоқада бўлганини ва Трампнинг собиқ адвокати Майкл Коэн унга «жим юриши» учун пул тўлаганини даъво қилган эди. Трампнинг ўзи Дэниелс билан алоқаларини рад этди.

2024 йил май ойида ҳакамлар ҳайъати Трампни ушбу тўлов ҳужжатларини сохталаштириш бўйича очилган ишнинг барча 34 та банди бўйича айбдор деб топди. Ҳукм 11 июлга белгиланган эди, бироқ судя Хуан Мерчан уни бир неча марта, жумладан Трампнинг президентлик сайловидаги иштироки туфайли кейинга қолдирди.

Декабр ойи бошида Трампнинг адвокатлари унга қўйилган айбловни олиб ташлашни сўраган эди. Адвокатлар уни прокурор томонидан ноҳақ таъқибга учраганини, шунингдек, президент Жо Байден ўз ўғли Ҳантерни афв этганини сабаб қилиб келтиришди. Аммо суд Трамп адвокатларининг далилларини қабул қилмади.

Мавзуга оид