Ўзбекистон | 11:12
1448
3 дақиқада ўқилади

2024 йил Тошкентда 238 кгдан ортиқ гиёҳвандлик ва психотроп моддалар ушланди

Тошкент шаҳар ИИББга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг доимий хизматларига қарамай, пойтахтда гиёҳвандлик ва психотроп моддалар билан боғлиқ жиноятлар салмоғи юқорилигича қоляпти. Шунингдек, пойтахтда аниқланган «наркотиклар» билан боғлиқ жиноятларнинг асосий қисми интернет билан боғлиқ ҳолда содир этилмоқда.

Фото: ИИББ

Тошкент шаҳар ИИББнинг маълум қилишича, пойтахтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари доимий хизматларига қарамасдан, гиёҳвандлик ва психотроп моддалар, кучли таъсир қилувчи воситалар билан боғлиқ жиноятлар салмоғи юқорилигича қолмоқда.

Хусусан, олиб борилган тадбирлар натижасида 2024 йил давомида Тошкентда аниқланган ҳолатлар юзасидан 3 минг 447 та жиноят ишлари қўзғатилган. Ушбу жиноятларнинг 2 413 таси ёки 70 фоизи интернет тармоғи билан боғлиқ ҳолда содир этилган. Тадбирлар натижасида 238 кг 815 грамм гиёҳвандлик, психотроп моддалар, кучли таъсир қилувчи дори воситалари тегишли тартибда расмийлаштирилиб, ноқонуний муомаласига чек қўйилди.

Бош прокуратурага кўра, 15 январ куни Тошкент шаҳар прокурори Эркин Йўлдашев раислигида шаҳар ИИББ бошлиғи Азиз Тошпўлатов, Миллий гвардия шаҳар бошқармаси бошлиғи А.Ортиков, шаҳар Божхона бошқармаси бошлиғи Т.Саидов ва бошқа ташкилотларнинг масъуллари иштирокида мувофиқлаштирувчи кенгашнинг йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда шаҳарда юзага келган криминоген вазият танқид остига олиниб, аҳоли хотиржамлигига жиддий салбий таъсир қиладиган мудҳиш жиноятлар: қасддан одам ўлдириш, оилавий зўравонлик, ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар ҳамда вояга етмаганлар томонидан содир қилинган жиноятчилик кўрсаткичи юқорилигича қолгани таъкидланган.

Тошкент шаҳрида бу каби жиноятларга қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида, 2025 йилнинг 15 январдан «Хавфсиз ва соғлом пойтахт» комплекс махсус тезкор-профилактик тадбирлар ойлиги бошланди. 15 февраль кунига қадар давом этадиган ойлик доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тун-у кун хизмат ташкил этилиб, кундузги ва тунги махсус гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилган.

Ойлик доирасида кучайтирилган тартибда тунги рейдлар ўтказилиб, ўткир тиғли ва бошқа тақиқланган буюмларни олиб юриш, гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш («закладчик»), «наркограффити» билан шуғулланиш каби ҳолатлар аниқланиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Тошкент шаҳар ИИББ, шунингдек фуқаролардан ушбу ойлик доирасида фаол иштирок этишни сўраган.

«Гиёҳвандлик моддалари ёки кучли таъсир қилувчи дори воситаларини тарқатиш билан шуғулланувчилар, шунингдек наркограффити ёзувларини ёзиб кетувчи шахслар ҳақида бирор маълумотга эга бўлсангиз, +99871-206-44-79 телефон рақами ёки @stopnarko_bot телеграм бот орқали мурожаат қилишингиз сўраймиз. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади», — дейилади хабарда.

Мавзуга оид