Байден Россияга қарши санкциялар Трамп томонидан юмшатилишига тўсиқ қўйди
АҚШ аввалроқ санкциялар рўйхатига киритилган 100 та Россия компаниясига нисбатан янги чекловлар жорий қилди. Бу санкцияларни бекор қилиш учун энди Конгресс қўллаб-қувватлаши керак бўлади.
АҚШ президенти Жо Байденнинг маъмурияти ўз муддати тугашига бир неча кун қолганида, Россияга қарши санкцияларни яна бир бор кучайтирди, шунингдек, аллақачон киритилган санкцияларнинг бир қисми Доналд Трамп томонидан эҳтимолий юмшатилишига тўсиқ қўйди. 15 январ, чоршанба куни эълон қилинган рўйхатга санкциялардан қочишда гумон қилинган 250 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахслар, жумладан, Хитой, БАА ва Туркияда жойлашган шахслар киритилган.
АҚШ санкциялари рўйхатидаги янги фигурантлар
Бошқа нарсалар қаторида, АҚШ Россия қўшинлари томонидан қўлга олинган Запорижжя атом электр станциясига ва Москва томонидан ушбу станциянинг «бош директори» этиб тайинланган Владислав Исаевга қарши санкциялар киритди. Россиянинг ўнлаб компаниялари ва жисмоний шахслари орасида «УМК-Стал», «Военторг» ҳарбий товарлар дўконлари тармоғи, Россия Мудофаа вазирлиги томонидан Москва областида ташкил этилган «Патриот» кўргазма маркази ҳам бор.
Бундан ташқари, қора рўйхатга "Тактическое ракетное вооружение" корпорацияси, "Барнаултрансмаш", "Аэроэлектромаш", Махсус машинасозлик марказий илмий-тадқиқот институти ва Физик ўлчовлар илмий-тадқиқот институтлари киритилган.
Европа Иттифоқи Россиядан алюминий импортини тақиқлаши мумкин
Еврокомиссия (ЕИ) Москвага қарши санкцияларнинг 16-пакети доирасида Россия алюминийининг импортини тақиқлашни таклиф қилмоқчи, деб хабар берди Reuters 14 январ куни европалик дипломатларга таяниб. Уларнинг сўзларига кўра, ЕИ «евроиттифоқ мамлакатлари билан норасмий учрашувлар ўтказиб, бўлажак санкциялар тафсилотларини муҳокама қилган». Дипломатлардан бири бирламчи алюминий импортига тақиқ «босқичма-босқич жорий этилишини» қўшимча қилди.
Еврокомиссия 24 феврал куни, Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб киришининг уч йиллиги муносабати билан Москвага қарши янги жазо чоралари пакетини қабул қилишни режалаштирмоқда, деб ёзади Reuters. Агентлик маълумотларига кўра, 2024 йил охирида Европа Иттифоқининг 10 та давлати Россия билан иқтисодий ҳамкорликка, хусусан, металлар савдосига қўшимча чекловлар жорий этишни таклиф қилган.