Ўзбекистон | 15:36 / 09.03.2016
15134
2 дақиқада ўқилади

Чет элда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик муҳожирлар иш стажи Ўзбекистонда ҳисобга олинади

Чет элда ёлланган ҳолда ишлаётган ўзбекистонлик муҳожирлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш имконига эга бўлишди.

"Бадаллар ўз вақтида тўлаб борилганда, чет элда ишловчи шахслар Қонунга мувофиқ Ўзбекистонда пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўладилар", дейилади lex.uz сайтида келтирилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарорида.

Шахслар Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш шарти билан Қонунга мувофиқ давлат пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўлишади. Бунда пенсия миқдори Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадаллари миқдори ва иш стажининг давомийлигига боғлиқ бўлади, деб таъкидланади Вазирлар Маҳкамаси Қарорида.

Қарорда келтирилишича, чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс, солиқ агенти ҳисобланмаган иш берувчидан даромад олувчи ходим, шунингдек деҳқон хўжалиги аъзоси (деҳқон хўжалиги бошлиғидан ташқари) Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини ихтиёрий равишда тўлайди. Ушбу Низомнинг 3-бандида кўрсатиб ўтилган шахслар иш стажига улар фаолият юритган ва Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган даврлар киритилади.

Деҳқон хўжалиги аъзоси ва оилавий тадбиркорлик субъекти оила аъзосига пенсия тайинлашда иш стажига Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланмаган даврлар қўшилмайди.