Ўзбекистон | 19:39 / 10.03.2016
31832
4 дақиқада ўқилади

Давлат Рақобат қўмитаси: Ўзбекистонда автомобил олди-сотдиси осонлаштирилади

Давлат Рақобат қўмитаси ва "Ўзавтосаноат" АЖ GM Uzbekistan томонидан ишлаб-чиқариладиган автомобиллар олди-сотдиси намунавий шартномасига ўзгартириш киритиш масаласи устида ишлашмоқда. Бу ҳақда Қўмита вакилига асосланган ҳолда Sputnik агентлиги хабар берган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда шундай ҳолат вужудга келган: GM Uzbekistan расмий дилеридан автомобил харид қилмоқчи бўлган шахс, нархнинг 85 фоизини аванс тариқасида тўлаши шарт, қолган пуллар эса автомобилни олиб чиқиш жараёнида тўланади. Харидор ўз орзусидаги автомобилни ҳатто, бир йилдан ортиқ вақт мобайнида кутиши мумкин.

Одамларга муаммо туғдираётган "сув остидаги тош"лардан яна бири шуки, (шартнома шартларидан бирига киради), ушбу жараён давомида завод томонидан автомобиль нархи ошириладиган тақдирда, мижоз ўртада вужудга келган тавофутни (у қанча бўлишидан қатъи назар) қоплашга мажбур бўлади.

"Бу Ўзбекистон учун жуда оғриқли масала, аниқроғи, 2015 йил давомида ва 2016 йилнинг биринчи ярмида истеъмолчилар тўқнаш келаётган энг долзарб муаммолардан бири, дейиш мумкин. Ўтган йил бошида ҳам шу мавзу борасида анча шов-шув кўтарилган эди. Гап шундаки, "Ўзавтосаноат" АЖ ўз автомобиллари нархини 30 фоизга оширганида, бу ҳолат аванс пулини тўлаб қўйган истеъмолчилар ҳамёнига анчайин зиён келтирди. Одамлар ҳали олмаган автомобиллари учун қўшимча пул тўлашга мажбур бўлишди", — дейди манба.

Давлат рақобат қўмитаси ушбу ҳолатда истеъмолчилар ҳуқуқи қай даражада бузилаётганини ўрганиб чиқиб, расман дилерлар ҳақ, деган тўхтамга келди. Суҳбатдошнинг таъкидлашича, сотувчи ва истеъмолчи ўртасида имзоланган ҳужжатда вужудга келган вазият аниқ ва равшан баён этилади: мижоз автомобиль нархи ошиши мумкинлиги ва нарх борасида вужудга келадиган фарқни қоплаши лозимлиги ҳақида огоҳлантирилади. Шартнома имзоланган пайтдан бошлаб қонунан кучга киради ва ҳеч бир суд дилер ноҳақлигини исботлаб бера олмайди.

"Аммо, бу вазиятни ижобий томонга ўзгартириб бўлмайди, дегани эмас. Давлат рақобат қўмитаси ва "Ўзавтосаноат" АЖ мутахассислари бугунги кунда намунавий ҳужжат турини ўзгартириш бўйича ҳамкорлик қилишмоқда. Масалан, режага кўра, эндиликда харидорлар ўзлари истаган автомобилни 90 кундан кўп бўлмаган муддат ичида қўлга киритишлари мумкин бўлади. Автомобиль нархи ошган тақдирда ҳам истеъмолчи ҳамёни зарар кўрмаслиги учун ҳужжатда (истеъмолчи фойдасига хизмат қиладиган) муайян шартлар кўрсатиб ўтилади.

Бундан ташқари, Давлат рақобат қўмитаси харидорлар учун муҳим бўлган бошқа бир мавзу — маҳаллий автомобиллар йўналишида ҳам иш олиб бормоқда. Ҳозирда расмий дилердан янги автомобилни харид қилган жисмоний шахсларга бир йил давомида автомобилни сотиши тақиқланди.

"Бу тизим 5 йил олдин бозорларда олибсотарликнинг олдини олиш мақсадида жорий этилган эди. Дилерлардан ўнлаб автомобилларни харид қилиб, сўнгра бозорда улар икки баробар нархга пуллангани билан боғлиқ ҳолатлар ҳам кўп кузатилди. Бундай хатти-ҳаракатлар халқ орасида сунъий тарзда шов-шув кўтарилишига олиб келди. Аммо ҳозирда вазият ўзгарди, бозорларимиз аста-секин "тўйиб" бормоқда ва вақти етганини англасак, биз албатта, ушбу тақиқни бекор қилиш масаласини кўриб чиқамиз. Аммо ҳозирча, бунга ҳали эрта", дея қайд этади манба.

GM Uzbekistan ҳозирги кунда Асака ва Хоразмдаги заводларида 12 хил атвомобиль ишлаб чиқаради: беш хил седан — Nexia, Cobalt, Lacetti, Gentra ва Malibu, икки кичик автомобиль — Matiz ва Spark, минивэн Orlando, унверсал Captiva, микроавтобус Damas ва унинг юк ташишга мослашган кўриниши Labo.

GM Uzbekistan йилига 200 мингдан ортиқ автомобиль ишлаб чиқармоқда. 2014 йилдаги кўрсаткич 245,7 минг донани ташкил этган, 2015 йилги кўрсаткичлар ҳозирча эълон қилинмаган.

2016 йилнинг 1 март куни ҳолатига кўра тармоқда 27 минг нафардан ортиқ киши меҳнат қилмоқда.