Ўзбекистон | 10:49 / 11.03.2016
2645
2 дақиқада ўқилади

ИИВ: “Тозалаш” тадбири уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Турсунпўлат Тошпўлатов ЎзА мухбирига берган интервьюсида “2016 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Президент қарорига мувофиқ ички ишлар идоралари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берди.

Мутасаддининг таъкидлашича, хавфсизликни таъминлаш учун тегишли идора ва ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамкорлиги йўлга қўйилган. Байрам шодиёналари ўтадиган масканларда жамоат тартибини сақлаш, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш, йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш чоралари кучайтирилган.

Байрам тадбирлари хавфсизлик талабларига жавоб берадиган, объектларда ўтказилади. Ана шу масканлар ички ишлар идораларининг тегишли хизматлари ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилиши билан бирга, жамоат тартибини сақлаш, ёнғин ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг навбатчилиги ташкил этилди.

Байрам ўтказиладиган жойлар атрофидаги субъектлар, аҳоли турар жойлари ҳамда бошқа масканларнинг ёнғинга қарши ҳолати текшириб чиқилди. Натижада ёнғин содир этилиши мумкин бўлган беш юздан зиёд бино ва иншоот аниқланиб, тегишли чора кўрилди.

Хавфсизликни таъминлашга қаратилган кенг қамровли “Тозалаш” тадбири уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда. Тадбир давомида аниқланаётган ҳуқуқбузарликлар ўз вақтида бартараф этилаяпти.

Шу кунгача мулкчилик шаклидан қатъи назар 7 миллионга яқин объект кўздан кечирилди. 192 мингга яқин объектда турли камчиликлар аниқланди ва уларни бартараф этиш чоралари кўрилди.

Байрам кунлари йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, йўлларнинг ҳолатини яхшилаш, светофор ва йўл чизиқларини янгилаш юзасидан салмоқли ишлар бажарилди.