Спорт | 09:53 / 19.06.2015
3947
1 дақиқада ўқилади

Европа ўйинлари вақтида Грузия ва Беларусь эркин курашчилари ўртасида муштлашув келиб чиқди

Бокуда бўлиб ўтаётган Европа ўйинлари вақтида эркин кураш бўйича 57 кг вазн тоифасининг яримфинал баҳсида беларуслик Владислав Андреев ва грузиялик Владимир Хинчегашвили беллашув пайтида муштлашиб кетишди.

Беллашувда Хинчегашвили 1:2 ҳисобида ютқазаётган пайтда ўз рақиби юзига тарсаки тушириб қолди. Ўз навбатида, беларуслик курашчи ҳам унга шундай жавоб берди ва курашчилар орасида муштлашув бошланиб кетди. Қизиққон спортчиларни учрашув ҳаками тезликда ажратишга муваффақ бўлган.

Кўнгилсиз воқеа оқибатида учрашув тўхтатилди ва ҳакамлар қарори билан икки спортчи ҳам гиламдан чиқариб юборилди ва мусобақадан четлаштирилди. Уларнинг иккаласига ҳам 0:4 ҳисобида техник мағлубият ёзилди.

Шу тариқа, яримфиналда беларуслик ва грузиялик курашчилар ўрнига уларга чорак финалда имкониятни бой берган спортчилар курашадиган бўлди.