Спорт | 20:05 / 12.07.2015
32371
2 дақиқада ўқилади

Рамзон Қодиров Чагаевнинг ғалабаси ҳақида: “Менинг иним чемпион!”

11 июль куни Германиянинг Магдебург шаҳрида ўтказилган ўзбекистонлик боксчи Руслан Чагаев ва италиялик чарм қўлқоп устаси Франческо Пьянета ўртасида бўлиб ўтган жангда Ўзбекистон бокс мактабининг тарбияланувчиси Руслан Чагаевнинг қўли баланд келди. Чагаев жангнинг 1-раундидаёқ ўз рақиби устидан ишончли ғалабага эришди. Шу муносабат билан охирги вақтларда Чагаевни қўллаб-қувватлаб келаётган Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров ижтимоий тармоқларда боксчининг ушбу ғалабаси муносабати билан ўз табригини йўллади.

“Магдебург “Аҳмат” жанг клубининг вакили, менинг қадрдон иним Руслан Чагаевнинг италиялик боксчи Франческо Пьянета устидан эришган ёрқин, ишончли ғалабасининг гувоҳи бўлди.

Руслан WBA талқини бўйича ўта оғир вазн тоифасидаги ўзининг мунтазам жаҳон чемпиони унвонини ҳимоя қилди. Жангнинг 1-раундидаёқ соф нокаут! Руслан, биз сен билан фахрланамиз!!!!!!

У Чеченистон, Россия, Ўзбекистон, Германиядан барча мухлислари, барча мусулмонлар, ҳақиқий бокс ишқибозларининг ишончини оқлади. У бугунда ўта оғир вазн тоифасидаги энг зўр боксчи эканлигини исботлади”, деб ёзмоқда Рамзон Қодиров.