Фан-техника | 09:44 / 04.08.2015
3444
2 дақиқада ўқилади

Муҳандислар сув чивини шаклидаги робот яратдилар

Гарварднинг Wyss Institute for Biologically Inspired Engineering институти ходимлари Сеул давлат университети ва Жон Полсон номли Гарвард муҳандислик ва амалий фанлар мактаби ходимлари билан ҳамкорликда сув чивини шаклидаги митти робот яратишди. Ҳашарот шаклларини айнан такрорлаш учун олимлар унинг хатти-ҳаракатларини видеоёзувлар орқали ўрганиб чиқишди.

“Робот оёқчаларининг сув юзасига ўтказадиган босими, тезлик ва вақтни жуда аниқ ҳисоблаб чиқиш талаб этилади, ахир унинг сакраши шунга боғлиқ бўлади. Тирик ҳашаротлар бу ишни жуда осон амалга оширади”, – дейди лойиҳа раҳбарларидан бири Кью Жин Чо.

Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, сув чивинлари бу ҳаракатларини оёқларининг пастки юзасидаги айланалар ёрдамида амалга оширади. Шу асосда катапультланиш компакт механизмига эга робот яратилди. У робот вазнидан 16 баробар каттароқ куч чиқариб, сув сатҳидан сакрашни амалга оширишга қодир.

Бошқа тадқиқотчилар гуруҳи бир йилча муқаддам шунга ўхшаш ҳашарот робот ясаган эди. Аммо робот ҳашаротнинг реал ўлчовларидан анча катта эди. Янги қурилма эса шакл ва ўлчам жиҳатдан оригиналга анча яқин қилиб ишланди.
Айтилишича, шу каби митти роботлар келажакда полиция операцияларида, шунингдек, қутқарувчиларнинг ишида қўл келиши мумкин.