Фан-техника | 18:26 / 07.08.2015
3292
2 дақиқада ўқилади

NASA бошқа сайёраларда ишловчи дрон яратди

NASA агентлиги яқин атрофдаги сайёраларни ва астероидларни тадқиқ этишга мўлжалланган дрон прототипини тақдим этди. Уни Swamp Works компанияси муҳандислари ишлаб чиқди.

Extreme Access Flyer номли аппарат Ойда, Марсда ва астероидларда ишлаши режалаштирилмоқда. Шу тариқа, Ерга бошқа само жисмларининг геологик таркиби ҳамда улардаги фойдали қазилмалар ҳақидаги ишончли маълумотлар етказиб берилади. Ер усти роверлари бунга тўғри келмайди, негаки фойдали қазилмалар одатда кратерларда бўлади.

Extreme Access Flyer ташқи жиҳатдан квадрокоптерга ўхшайди, аммо унда парраклар ўрнига фазовий ускуналар ўрнатилган. Ой ва Марс атмосферасининг бошқачалиги, астероидларда эса атмосферанинг йўқлиги боис дрон парраклар ёрдамида у ерда парвоз қила олмайди.

Дронни Ердан туриб бошқариб бўлмайди, негаки сигнал узоқ вақт ушланиб қолади. Шу боис унинг учун ландшафт ва мўлжаллар бўйлаб навигация тизими яратилмоқда. Унинг ёрдамида аппарат одамнинг масофавий бошқарувисиз учиши мумкин бўлади.