Жаҳон | 16:48 / 12.08.2015
10952
2 дақиқада ўқилади

Лавров Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири билан матбуот анжумани чоғида сўкиниб юборди

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр билан биргаликда ўтказган матбуот анжумани чоғида сўкиниб юборди. Анжуман Russia Today телеканали томонидан тўғридан-тўғри трансляция қилинаётган эди.

ТАСС мухбири Лавровга Сурия ихтилофи масаласи бўйича Москвада учрашув ўтказишга тайёргарлик кўрилаётгани борасида савол берди.
“У қачон ўтказилади ва унинг доирасида Сурия мухолиф кучлари миллий коалицияси вакиллари билан учрашувлар белгиланганми?”, – деди у.
Бунга жавобан Лавров учрашув ўтказилмаслигини таъкидлади:
“Биз февралда ва апрелда иккита учрашув ўтказдик, ҳозир индивидуал асосда алоқа қилишда давом этмоқдамиз”.

Унинг жавоби Саудия ташқи ишлар вазирига таржима қилиб берилаётган пайтда Лавров паст овозда “Вот (сўкиниш) дебилы” – “Оббо аҳмоқлар” сўзларини айтди.
Унинг бу сўзлари матбуот анжуманига мавзусига алоқадорлиги маълум эмас. Саволга жавоб беришдан олдин Лавров бироз асабийлашган ҳолда телефонида нимадир ёзаётган эди, сўнг уни чўнтагига солиб қўйди.
2012 йили Иван Ургантнинг “Первый канал”даги кечки шоусида Лавров музокаралар чоғида баъзан сўкинишини тан олган эди.

2008 йили Лавров Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Милиблэнд билан Грузия масаласини телефон орқали муҳокама қилаётган пайтда суҳбатдошини ҳақорат қилгани ва инглизча сўкингани айтилган эди.