Жамият | 18:50 / 26.08.2015
5072
1 дақиқада ўқилади

Тайвандаги кўргазмага келган болакай қимматбаҳо суратни бехосдан зарарлаб қўйди

Тайванда Леонардо да Винчи ва бошқа италиялик машҳур рассомлар ишига бағишланган кўргазма пайтида Паоло Порпоранинг (1617-1673) машҳур суратларидан бирини 12 ёшли болакай кутилмаганда бармоқлари билан тешиб қўйган. Бу ҳақда ТАСС маҳаллий матбуот маълумотларига таяниб хабар тарқатди.

Онаси билан кўргазмага ташриф буюрган мактаб ўқувчиси Барокко услубида чизилган «Гуллар» бўлимида кутилмаганда қоқилиб тушган ва қиймати 1,5 млн АҚШ долларига баҳоланадиган суратга зиён етказган.

Кўргазма раҳбари Андреа Россининг сўзларига кўра, воқеадан бола шокка тушиб қолган. Бироқ ташкилотчилар етказилган зарарни боланинг оиласидан талаб қилишмаган. Тез орада суратнинг зарарланган қисми тикланиб жойига қайтариб қўйилган. Кўргазма якунлангач, сурат яна Италияга қайтарилади.

Тайбэйда бўлиб ўтаётган кўргазмада италиялик усталар томонидан чизилган 55 дона суратлар намойиш этилмоқда. Уларнинг орасида Леонардо да Винчининг 200 млн. еврога баҳоланган сурати ҳам жой олган.