Жамият | 10:53 / 01.10.2015
6722
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонлик хонанда Орол фожиаси ҳақида клип суратга олди

Қозоғистонлик хонанда Диана Шарапова “Аралдан ұшқан аққулар” (“Оролдан учган оққушлар”) номли лирик композиция яратиб, унга клип суратга олди. Zakon.kz нашрининг хабар беришича, композиция муаллифи Қозоғистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби С. Байтерековдир.

Қўшиқ чўлга айланиб бораётган денгиздан оққушларнинг учиб кетишига бағишланган ҳикоядир. Клип сюжетига кўра, қўшиқчи қиз қуриб қолган Орол тубини кўздан кечиради. У тузлуқлар, барханлар, “арвоҳ” кемалар, ташландиқ баржа, туялар карвони ва Аральск портида бўлади. Ниҳоят, у Шимолий Орол денгизини қутқараётган Кўкорол сув тўғонига етиб боради.

Шарапованинг таъкидлашича, тасвирга олувчи гуруҳ иш жараёнида фожианинг асл моҳиятини англаб етиб, оғир туйғуларни кечирган.
“Йўлимизда занглоқ арқонлар, кемалар қолдиқлари, бир пайтлар Кўкорол бўлган улкан тепалик учради, - дейди у. – Унинг четидан юриб, атрофингда қақроқ чўлни кўриш, аслида эса бу ерда мовий денгиз бўлиши лозимлигини англаш ёқимли туйғу эмас”.