Лондон мэри регби ўйини пайтида 10 ёшли япониялик болани туртиб юборди
Японияга ташриф буюрган Лондон мэри Борис Жонсон япон болалари билан регби ўйнашга қарор қилди. Ўйин давомида Жонсон ўйинга берилиб кетиб, 10 ёшли Токи Секигучи исмли болани бутун вужуди билан туртиб юборди.
Бола ерга қаттиқ урилди, бироқ ўйинни давом эттира олди. Ўйиндан кейин мэр боланинг ёнига келиб унинг аҳволи ҳақида сўраб, бўлиб ўтган кўнгилсизликдан афсусдалигини айтди.
Бундан хабар топган британияликлар мэрнинг бу “қилғилидан” ҳеч ҳам ажабланишмади, чунки Жонсон ўзининг ажобтовур характери билан ажралиб туради.
Лондон мэри Лондон бўйлаб кўпинча яшил рангдаги шлем кийиб олганча велосипедда, тансоқчиларсиз ҳаракатланиб юради. Мэр иш пайтида галстук тақишни ўзига эп кўрмайди ҳамда спорт курткаси ва орқасида рюкзак билан бамайлихотир кўчаларда юраверади.