Спорт | 01:19 / 26.10.2015
3980
2 дақиқада ўқилади

Испания примераси, 9-тур: Суарес хет-триги “Барселона”га “Эйбар” устидан иродали ғалабани таъминлади

25 октябрда Испания примерасининг 9-турида “Барселона” ўз майдонида “Эйбар” устидан 3:1 ҳисобида ғалабага эришди.

Учрашувнинг 10-дақиқасида Борха Гонсалес меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. 1-бўлимнинг ўрталарида Луис Суарес ҳисобни тенглаштирди. Суарес 48-дақиқада ва ўйиннинг асосий вақти тугашига 5 дақиқа қолганда яна биттадан тўп киритиб, хет-трикка эришди. Ҳисоб 2:1 бўлиб турган пайтда “Барса” футболчиси Хавьер Маскерано майдондан четлатилди.

Учрашувнинг яна бир эьтиборли жиҳати шундаки, Суарес ўтган йилнинг айнан шу куни “Барса” таркибида илк бор Примера доирасида “Реал”га қарши учрашувда майдонга тушганди. Учрашув “Реал” майдонида бўлиб ўтган ва 3:1 ҳисобида мадридликлар фойдасига якунланган эди. Суарес ушбу учрашувда ўз ҳисобига Неймарга оширган голли узатмани ёзиб қўйган.

Суарес ўтган бир йил давомида янги клуби сафида Испания чемпиони, Испания кубоги соҳиби, Чемпионлар Лигаси чемпиони, УЕФА суперкубоги соҳиби каби унвонларни қўлга киритди.

Айни пайтда “Барселона” Примерада 2-ўринда кетмоқда, унинг ҳисобида 21 очко бор. 13 очко тўплаган “Эйбар” эса 7-ўринни эгалламоқда.

Испания Примераси. 9-тур
Барселона– Эйбар – 3:1
Голлар: Гонсалес, 10 (0:1); Суарес, 21 (1:1); Суарес, 48 (2:1); Суарес, 85 (3:1).
Четлатиш: Маскерано, 83 (Барселона).

Ушбу куни ўйналган қолган учрашувлар қуйидагича ҳисоб билан якунланди:

Леванте – Реал Сосьедад – 0:4
Голлар: Вела, 8 (0:1); Агирече, 35 (0:2); Ильяраменди, 82 (0:3); Вела, 84 (0:4).
Четлатиш: Дейверсон Брум, 90 (Леванте).

Лас-Пальмас – Вильярреал – 0:0