Жамият | 09:26 / 14.11.2015
4755
1 дақиқада ўқилади

Британиялик автомобилни параллел парковкалаш бўйича Гиннесс рекордлар китобига киритилди

Буюк британиялик Алистер Моффат Вейбриж шаҳри яқинидаги пойга трассасида ўзининг Mini Cooper автомобилини иккита бошқа машина орасига қўя олгани учун Гиннесс рекордлар китобига киритилди. Моффатнинг машинаси билан қўшни автомобиллар орасидаги умумий масофа бор-йўғи 34 сантиметрни ташкил қилган. Бу ҳақда Guinness World Records сайтида маълум қилинди.

Британиялик машинада орқага юқори тезликда ҳаракатланиб, автомобилни қўйиш керак бўлган жойга етганда кескин бурилиб, айланганича машинани белгиланган жойга қўя олган.

Воқеа жойида бўлган Гиннесс рекордлар китоби расмий вакили Моффат машинаси ва унга қўшни бўлган икки машина ўртасидаги масофани ўлчаб, британиялик 2012 йилдаги рекордни 1 см га яхшилаганини тасдиқлади.
Ушбу рекорд гувоҳи бўлган Гиннесс рекордлар китобининг бош муҳаррири параллел парковкалаш рекордлари доимо баҳсга сабаб бўлишини айтган, бироқ бу гал Моффат юқори маҳорат ва аниқликни намоён қила олган.