Жамият | 16:33 / 17.11.2015
6650
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда олти фарзандли бева қурилиши тугалланмаган бинода яшаётгани маълум бўлди

Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятида истиқомат қиладиган Жания Габдушева 2014 йилда турмуш ўртоғи юрак хуружи туфайли вафот этганидан сўнг олти фарзандини ёлғиз, бирор бошпанаси ва ёрдамларсиз тарбиялашга мажбур бўлиб қолди. Унинг катта қизи 11 ёшда бўлса, кичиги беш ойлик, дея хабар бермоқда 101TV.KZ жамоатчилик интернет-телевидениеси.

Вақтинчалик яшаш жойи бўлмаган Жания оиласидиги вазият қанчалик оғир бўлмасин, унинг фарзандлари мактабда аъло баҳоларга ўқиётгани хабар қилинди. Қурилиши тугалланмаган бинодан яшаш учун шароит яратиб олган Жаниянинг уйида фарзандларининг фахрий ёрлиқ ва спортда эришган медаллари кўзга кўринарли жойга илиб қўйилган.

Хабарда келтирилишича, Жания Габдушева кўплаб амалдорларга ёрдам сўраб мурожаат қилган. Бироқ унинг мурожаати жавобсиз қолмоқда. Давлат томондан тўланаётган ижтимоий нафақалар ҳам олти фарзандни вояга етказишда камлик қилиши айтиб ўтилган.

Шу муносабат билан интернет-телеканалининг тасвирга олиш гуруҳи Қарағанда ҳокимияти ва бошқа мансабдор шахслар билан боғланган, улар бир йил ичида Жания оиласи учун турар-жой ижарага олиш учун ҳомийлар жалб қилишга ваъда беришган.