Ўзбекистон | 22:04 / 13.01.2016
28638
2 дақиқада ўқилади

Ислом Каримов ҳарбий хизматчиларни ташқи таҳдидларга тайёр туришга чақирди

Ўзбекистон президенти, мамлакат Қуролли Кучлари бош қўмондони Ислом Каримов 14 январь куни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганига 24 йил тўлиши муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида ҳарбий хизматчиларни минтақадаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда эҳтимолий ҳарбий тўқнашувларга тайёр туришга чақирган.

"Вужудга келаётган ҳарбий-сиёсий вазиятни, замонавий ҳарбий санъат соҳасидаги ютуқлар ва ҳарбий қурилиш борасида тўплаган тажрибамизни, шунингдек, юз бериши мумкин бўлган ҳарбий ҳаракатлар театрининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, миллий армиямизнинг ташкилий тузилиши ва жанговар таркибини, қўшинларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш лозим.

Ўзбекистонга қўшни минтақаларда вазият доимий равишда ўзгариб, таҳдидлар кучайиб бораётган, мамлакатимиз ҳудудига турли босқинчи тўдалар ва қўпорувчи гуруҳларнинг суқилиб кириш эҳтимоли истисно этилмаётган бир шароитда ҳарбий тузилмаларни, биринчи навбатда, хавф-хатар юқори бўлган операцион йўналишларда янада мустаҳкамлаш ва сафарбар этишга устувор аҳамият бериш зарур", дейди президент.