Жамият | 10:32 / 14.01.2016
5090
2 дақиқада ўқилади

«Ажойиб математика» фестивали муваффақият билан якунланди

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ўтказилган биринчи илмий-амалий «Ажойиб математика» фестивали муваффақият билан якунланди. 6-8 январь кунлари бўлиб ўтган фестиваль Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва Жанубий Кореядаги Инҳа университети, Korzinka.uz супермаркетлар тизими ва Ўзбектелеком АЖ кўмагида ташкил этилди.

Фестиваль ишида иштирок этиш учун Ўзбекистонга Жанубий Кореядан 20 нафар математика ўқитувчиси ташриф буюрди. Фестиваль доирасида улар турли пазллар, машқлар ва мисолларни болаларга тақдим этдилар. Болалар тадбир доирасида турли геометрик фигуралар ҳам ясашди ва математик танловларда иштирок этдилар. Танлов ғолибларига совғалар топширилди.

Уч кун давомида фестивалда 5 мингдан зиёд киши иштирок этди. Улар орасида 3 ёшли болалардан тортиб, 80 ёшлик отахонларгача бор эди. Фестиваль муваффақиятини иштирокчилар қолдирган шарҳларидан ҳам билиб олиш мумкин. Болалар ва катталар махсус стендда фестиваль ҳақидаги ўз фикрларини қолдирдилар.

 

Шунингдек, фестиваль доирасида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва Жанубий Кореядаги Инҳа университети ҳамкорликда математикага оид китоб чоп этди. Китобга фестиваль доирасидаги ҳамма машқлар ва вазифалар киритилиб, фестивалга келган математика ўқитувчиларига тақдим этилди.

Китобнинг электрон вариантини Тошкент шаҳридаги Инҳа университети сайтидан кўчириб олиш мумкин (ўзбек ва инглиз тилида). Фестиваль барча қатнашчиларга математика ажойиботларини кўриш ва турли математик экспонатларни ўз қўллари билан яратишга имконият яратиб берди.