Истанбул фожеаси
Анқарадаги хужумлардан ҳали ўзига келмаган Туркияда яна бир портлаш юз берди. Сешанба куни Истанбулда террор ходисаси юз берди. Хамиша сайёҳлар билан гавжум бўладиган Султон Ахмад майдонида портлаш юз берди. Эрта тонгда ўзини ўлимга маҳкум қилган террорчи томонидан портлаш уюштирилди. Султон Аҳмад майдони яқинида Аё-София ва Мовий мачит жойлашган. Қадим-қадимдан бу ердаги тарихий ёдгорликлар одамларнинг диққатини тортиб келган. 1900 йилда майдонга Немец фаввораси қурилган бўлиб, айнан шу ерда портлаш юз берди. Полиция патрулига кўзи тушган террорчининг асаби дош бермай портловчи мосламани ишга туширди.
Гувоҳларнинг сўзларига қарагангда, портлаш шу қадар кучли бўлганки, унинг овози шаҳарнинг бошқа худудларигача эшитилган. 10 дан ортиқ кишининг ҳалок бўлгани, уларнинг кўпчилиги хорижлик сайёҳлар экани айтилмоқда. Ҳалок бўлган 11 кишининг 8 нафари Германия фуқороллари экани маълум қилинди. Шунингдек, теракт туфайли Перу, Норвегия ҳамда Жанубий Кореядан келган сайёҳлар жабрланган.
Туркия бош вазири Ахмет Давутўғлу баёнот бериб, портлаш ортида “ДАИШ (ИШИД) турганини маълум қилди. Президент Ражаб Тойиб Эрдўғон эса теракт суриялик террорчи томонидан уюштирилганини айтди. Туркиянинг хориждаги элчилари олдида чиқиш қилган президент “Биз ягона халқ сифатида терроризмга қарши туришимиз керак. Туркия терроризм қандай номланишидан қатьий назар, у ДАИШ (ИШИД) дейиладими, “Курдистон Ишчилар партияси" дейиладими, Халқ мудофааси отрядлари дейиладими, “Демократик Иттифоқ” дейиладими, “Инқилобий партия-Халқ Озодлик фронти” дейиладими, ёки “Марксчи-ленинчи коммунистик партия” дейиладими, унга қарши кескин кураш олиб боради” деди.
Юз берган ҳодисадан сўнг Туркия полицияси пойтахт Анқара ва унинг атрофида амалиёт ўтказиб, ДАИШ (ИШИД)нинг 16 аъзосини қўлга олди. Уларнинг пойтахтда террор ҳодисаларини уюштиришга тайёргарлик кўргани айтилмоқда.
Халқаро хамжамият Истанбул фожеасига ўз муносабатларини билдира бошлади. Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов Туркия Республикаси президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга 2016 йилнинг 12 январь кунида Истанбул шаҳрида инсонларнинг ҳалок бўлишига олиб келган террорчилик ҳаракати муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдириб, мактуб йўллади. Шунингдек, Германия Федератив Республикасининг Федерал канцлери Ангела Меркель номига йўлланган мактубда Ислом Каримов Истанбулдаги террорчилик ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган Германия фуқароларининг оила аъзолари ва яқинларига самимий ҳамдардлик туйғуларини етказишни сўраган.
Германия федерал канцлери Ангела Меркель Истанбулга берилган зарбадан аввал Париж, Копенгаген, Тунис ва бошқа жойлар террорчилар нишонига айланганини маълум қилди. “Халқаро терроризм турли жойларга зарба бермоқда. Унинг нишони эркин жамиятдаги эркин ҳаётдир”, деди Ангела Меркел. Германия Президенти Йоахим Гаук халок бўлганларнинг оила аъзолари, яқинларига таъзия билдирди. Унинг сўзларига қараганда, Истанбулда юз берган террор хужуми оқибатида айбсиз одамлар, улар орасида Германия фуқоролари ҳам бор.
Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон президент Эрдўғонга қўнғироқ қилиб, таъзия билдирди. У айбдорларни топишда Британия Туркияга ҳар томонлама кўмак беришга тайёрлигини билдирди. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг террор хужумини кескин қоралар экан, юз берган ходисани хеч нарса билан оқлаб бўлмаслигини таъкидлади. У НАТО аъзолари терроризмнинг ҳар қандай кўринишга қарши биргаликда кураш олиб бориши лозимлигини қайд қилди. Бош котиб марҳумларнинг оила аъзоларига ўз таъзиясини билдирди. Еврокенгаш раиси Дональд Туск хам Истанбул фожеасини танқид қилди. У Еропа Иттифоқи ва Туркия терроризмга қарши курашдаги саъй-харакатларни фаоллаштириши лозимлигини таъкидлаб ўтди. Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Федерики Могерини ва қўшничилик сиёсати бўйича еврокомиссар Йоханнес Ханлар ҳам Истанбулда юз берган террорчилик ҳодисасини кескин қоралаб баёнот билан чиқишди. “Истанбулда юз берган теракт яна бир бор терроризм бутун дунёга таҳдид солаётганини ва унга қарши барча мамлакатлар ўз кучларини бирлаштириши талаб қилинаётганини кўрсатиб турибди”, деди Франция бош вазири Манюэль Вальс.
БМТ бош котиби Пан Ги Мун Истанбулда юз берган террор ҳодисасини қоралаб баёнот берар экан, шафқатсиз жиноят содир этилганини айтди. У айбдорлар топилиб жазога тортилиши лозимлигини эслатиб ўтди. Франция президенти Франсуа Олланд ҳам террор ходисасини қоралаб чиқди. Оқ уй Истанбулда уюштирилган террор хужумларига ўз муносабатини билдирар экан, АҚШ терроризм ва ДАИШ (ИШИД)га қарши курашда Туркияни қўллаб-қувватлашда давом этаверишини маълум қилди. Россия ташқи ишлар вазирлиги ҳам Истанбулда юз берган террор ҳодисасини кескин қоралаб баёнот берди.
Сўнги 10 йилда Туркияда юз берган террор ҳодисалари ҳақида қисқача маълумот.
Ўтган йилнинг 23 декабрида Истанбулнинг Сабихи Гекчен аэропортида юз берган ҳодиса оқибатида бир киши халок бўлди.
1 декабр куни Истанбул метросида қўлбола бомба ишга тушди. Ўшанда бир киши ҳалок бўлган эди.
2015 йилнинг 10 октябрида Анқарада икки нафар ўзини ўлимга маҳкум қилган террорчи томонидан портлаш уюштирилди. Камида 102 киши халок бўлиб, 248 киши жароҳат олди.
2015 йилнинг 20 июлида Суруч шахрида бомба портлаши оқибатида 33 киши ҳалок бўлиб, 104 киши жароҳат олди.
2015 йилнинг 6 январь куни ҳомиладор аёл - россиялик Диана Рамазова Истанбулнинг тарихий қисмида ўзини портлатиб юборди. Бир нафар полиция ходими ҳалок бўлди.
2013 йилнинг 11 майида Рейханли шаҳрида миналаштирилган иккита автомобил портлаб кетди. Камида 51 киши халок бўлиб, 140 киши жароҳат олди. Масъулиятни ҳеч ким ўз зиммасига олмади. 2013 йилнинг 11 февралида Баб аль-Хава Ўтиш Назорат пунктида юз берган террор ҳодисаси оқибатида 13 киши ҳалок бўлиб, 28 киши жароҳат олди. Туркия томонида Сурияга тегишли деб айтилаётган автомобиль портлади.
2012 йил 20 августида Газиантеп шахрида муқаддас Рамазон ойи тугаши билан ўтказилаётган тадбирда портлаш юз берди. 10 киши ҳалок бўлиб, 64 дан ортиқ киши жароҳат олди.
2011 йилнинг 20 сентябрида Анқарада миналаштирилган автомобиль портлаши натижасида 4 киши ҳалок бўлиб, 15 киши жароҳат олди. Ҳодиса учун масъулиятни курд айирмачилари ўз зиммасига олди.
2010 йилнинг 31 октябрида Истанбулнинг Таксим майдонида ўзини ўлимга маҳкум қилган террорчи томонидан портлаш уюштирилди. 32 киши жарохат олди. Улардан 15 нафари полиция ходимлари эди.
2008 йилнинг 27 июль куни Истанбулнинг Гюнгерн туманида портлаш юз берди. Ҳодиса оқибатида камида 17 киши ҳалок бўлиб, 150 дан ортиқ киши жарохат олди.
2008 йилнинг 9 июль куни Истанбулдаги АҚШ консулхонасига ҳужум уюштирилди. Ҳодиса оқибатида 3 нафар полиция ходими ҳалок бўлди. Уч нафар жангари йўқ қилинди.
2006 йилнинг 12 сентябрь куни Диёрбакирда бомба портлади. 10 киши халок бўлди, уларнинг 8 нафари болалар эди.
2006 йил 25 июнь куни курорт Анталия шаҳрида юз берган теракт натижасида 4 киши халок бўлиб, 28 киши жарохат олди. Ҳодиса учун масъулиятни курд айирмачилари ўз зиммасига олган эди.
Таҳлилчилар эндиликда Туркияга келадиган сайёҳлар оқими камайиши эхтимоли ҳақида айтишмоқда. Лекин терроризм биргина Туркияда эмас, дунёнинг бошқа минтақаларида ҳам кузатилаётгани эсдан чиқариш керак эмас. Бугунги кунда дунёда хавфсиз худудлар кам эканини айтилади.
Шарофидин Тўлаганов.