Иқтисодиёт | 21:59 / 15.01.2016
6379
2 дақиқада ўқилади

Ислом Каримов: Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши 2015 йилда 8 фоизни ташкил қилди

Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши 2015 йилда 8 фоизга тенг бўлди. Бу ҳақида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 15 январь куни ўтказилган Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йил якунларига бағишланган йиғилишида маълум қилди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ўтган йилда саноат ишлаб чиқариши 8 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари — 6,8 фоиз, ўзлаштирилган инвестициялар 9,5 фоиз (2014 йилдаги кўрсаткичлар мос равишда 8,3 фоиз, 6,9 фоиз ва 10,9 фоиз кўриниишида бўлганди) ўсишни кўрсатди.

Президентнинг маълум қилишича, 2015 йилда хорижий инвестицияларнинг Ўзбекистон иқтисодидаги улуши 3,3 миллиард долларни ташкил қилди. Шундан 73 фоизи тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобланади. Ўтган йилда юқори технологик ва замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича 158та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тугалланди ва бу ишлар учун 7,2 миллиард доллар миқдоридаги маблағ йўналтирилди.

2016 йилги ЯИМ ўсиши 7.8 фоизни ташкил қилиши кутилмоқда. Прогнозларга кўра саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8.2 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6.1 фоизга, капитал қўйилмалар ҳажми 9.6 фоизга ўсиши назарда тутилган. Бюджетнинг катта қисми ижтимоий соҳалар ривожлантирилиши учун сарфланиши режалаштирилган.