Ўзбекистон | 22:56 / 15.01.2016
6575
2 дақиқада ўқилади

Rio Tinto компанияси Ўзбекистонда мис қидирувини тўхтатди

Австралия-Британия компанияси Rio Tinto Ltd 2015 йилнинг биринчи ярим йиллигида геологик-қидирув ишларининг дастлабки дастурини якунлади. Жаҳон бозорида рангли металлар нарҳининг тушиб кетиши мисни излашни рад этишга сабаб бўлди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси.

“Rio Tinto қидирувни тўхтатди, ҳозирда бозордаги вазият у қадар қулай эмас”, - дея маълум қилди агентлик суҳбатдоши. Унинг сўзларига кўра, компания иштирокидаги геологик-қидирув ишлари лойиҳаси 2016 йил давлат инвестицион дастурига кирмаган. “Агар сармоядор лойиҳани янгилашга қарор қилса, у ҳолда лойиҳага қайтиш мураккаб бўлмайди”, - дея қўшимча қилди у. Ҳозирда Rio Tinto вакилларидан вазиятга оид фикрлар олинмаган.

2012 йилнинг декабрь ойида Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси Rio Tinto’га “Гава” ҳудудидаги истиқболли майдонда геологик-қидирув ишларини ўтказиш учун беш йил муддатга лицензия берган эди. Лойиҳани амалга ошириш учун Gava Exploration операцион компанияси ташкил этилган. Лицензион майдоннинг прогноз ресурслари маълум қилинмаяпти.

2015 йилнинг биринчи ярим йиллиги охирига келиб компания дастлабки геологик-қидирув ишлари дастурини якунлади ва йил охирига қадар лойиҳанинг амалга оширилиши бўйича қарор қабул қилиши лозим эди. Инвестициялар ҳажми 3 миллион долларни ташкил этган.

Аввалроқ Rio Tinto вакиллари лицензияни қўлга киритишса, беш йил давомида Ўзбекистондаги мис конларини излаш учун 100 миллион долларгача ҳажмда инвестиция киритишни режалаштираётганликларини маълум қилган эдилар.