Ўзбекистон | 10:17 / 16.01.2016
11461
3 дақиқада ўқилади

2015 йилда Ўзбекистонда АЖларнинг 20 фоиз раҳбари эгаллаб турган лавозимига лойиқ эмас, деб топилди

2015 йилда барча акциядорлик жамиятларининг фаолияти тўлиқ инвентаризациядан ўтказилди, натижада 462 та жамиятни ёки уларнинг 43 фоизини тугатиш ёки бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклга ўзгартириш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 15 январь куни мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида маълум қилди.

Корхоналарни корпоратив бошқариш бўйича илғор халқаро тажрибани ўрганиш асосида акциядорлик жамиятларининг янги намунавий тузилмаси ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Шу тариқа, замонавий корпоратив бошқарув тизими талабларини инобатга олган ҳолда, Лавозим ва касбларнинг янги классификатори ишлаб чиқилди ва тасдиқланди, унга бозор иқтисодиёти талабларига мос келадиган 566 та янги тоифа киритилди.

Ана шу классификатор асосида раҳбарлар таркиби аттестациядан ўтказилди. Раҳбар кадрларнинг корпоратив бошқарувнинг замонавий усул ва принциплари, менежмент ва маркетинг бўйича билимларини баҳолаш ушбу синовнинг асосий мақсади қилиб қўйилди.

Унинг натижаларига кўра, аттестация қилинган 721 нафар раҳбар ходимнинг ярми – 49 фоизи аттестациядан ўтган бўлса, уларнинг ҳар учинчиси аттестациядан шартли равишда ўтказилган, 20 фоизи ёки ҳар бешинчи раҳбар эса эгаллаб турган лавозимига лойиқ эмас, деб топилган.

Бўшаб қолган раҳбарлик лавозимларига пухта билимга эга бўлган, замонавий менежмент ва маркетинг усулларини амалда қўллай оладиган ёш мутахассислар тайинланди.

Шу борада Германияда жойлашган Европа менежмент ва технологиялар мактабининг фаол иштирокида акциядорлик жамиятларининг раҳбар ходим ва мутахассисларини тизимли асосда тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилиш, уларнинг замонавий корпоратив бошқарув усулларини эгаллашини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази ташкил этилди.

Ўтган йили Германия ва иқтисодий жиҳатдан ривожланган бошқа давлатлардаги етакчи таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчиларини кенг жалб қилган ҳолда, мамлакатимиз акциядорлик жамиятлари, банклар ва йирик корхоналарнинг 160 нафардан ортиқ раҳбар ходими корпоратив бошқарув соҳасида малака оширди, уларнинг ярми Германия корхоналарида тажриба орттирди.