Иқтисодиёт | 23:15 / 16.01.2016
5195
2 дақиқада ўқилади

2015 йилда Тошкент ИЭСда 512 млн долларлик модернизация ишлари амалга оширилди

Словакиянинг Synecta a.s. ва Istroenergo Group компанияларидан иборат халқаро консорциуми, шунингдек Польшанинг SNC Lavalin Polska компанияси Тошкент иссиқлик электростанциясида модернизация ишларини якунлади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2015 йил якунларига бағишланган ҳукумат йиғилишида қилган маърузасида айтиб ўтган.

2015 йилнинг охиригача тугалланган лойиҳалар орасида 512 миллион долларлик 370 МВт қувватига эга буғ-газ қурилмасини қурилгани бўлди. 2,8 миллиард киловатт-соат электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқарадиган бундай қурилма йилига 250-300 миллион куб метр табиий газни тежаш имконини беради.

Бу лойиҳани амалга ошириш ишлари 2012 йилнинг мартида бошланганди. Керакли ускуналар General Electric томонидан етказиб берилган.

Ушбу лойиҳа Хитой Давлат тараққиёт банки (220 млн. АҚШ доллари), Ўзбекистон Реконструкция ва ривожланиш фонди (76,2 млн доллар) кредитлари, Synecta a.s маҳсулот заёми (68,9 млн доллар), “Ўзбекэнерго”нинг шахсий маблағлари (117,7 млн доллар), “Ўзсаноатқурилишбанк” (26,9 млн доллар) ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (2 млн доллардан ортиқ) кредитлари ҳисобига молиялаштирилган.