Иқтисодиёт | 21:45 / 16.01.2016
7927
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг "Силмаш" компанияси 2015 йилда Ўзбекистонда Чорвоқ ГЭСи модернизациясини тугаллади

Россиянинг «Силовые машины» компанияси 2015 йилда Ўзбекистоннинг Тошкент вилоятида 56,5 млн долларлик лойиҳа - Чорвоқ ГЭСи модернизациясини тугатди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2015 йил якунларига бағишланган ҳукумат йиғилишида қилган маърузасида айтиб ўтган.

2012 йилнинг май ойида «Силовые машины» акциядорлик компанияси «Каскад Ўрта-Чирчиқ ГЭС» унитар корхонаси билан тўртта гидро электр станцияларини таъмирлаш бўйича шартнома имзолаганди.

Чорвоқ ГЭС ускуналарини алмаштириш натижасида мазкур электр иншоотининг қуввати 45,5 МВтга етиши ва йилига қўшимча 120 миллион кВт-ч электр энергия ишлаб чиқариш имкониятини яратиш кўзда тутилганди.

Лойиҳани молиялаштириш учун сарфланадиган 56,5 миллион долларнинг 35 миллион доллари Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан, «Ўзбекэнерго» ДАК маблағлари ҳисобидан қопланган.

Шартномани амалга ошириш муддати уч йил қилиб белгиланганди.

Чорвоқ ГЭС Чирчиқ-Бўзсув каскадининг таркибидаги асосий, ва энг катта қувватли гидроэлектростанциядир (620 МВт).

Бугунги кунда Ўзбекистон энергетика тизимида умумий қуввати 12,4 минг МВт дан ортиқ бўлган 45 та электростанция ишлайди, Ўзбекэнерго ДАК даги 16та электростанцияларнинг жами қуввати 12,04 минг МВт.

"Ўзбекэнерго"нинг гидроэлектроэнергия ишлаб чиқарувчи корхоналари ичида Фарҳод ГЭС ва Тошкент вилоятидаги 5та ГЭС каскадлари бўлиб, кўзда тутилган қуввати 1973 МВт.

Электр энергиянинг қолган қисмини саноат корхоналарининг мусақил иссиқлик электр станциялари ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимига кирувчи кичик ГЭСлар ишлаб чиқаради. Электр энергиясини ишлаб чиқаришнинг салоҳияти 56-57 миллиард кВт.соат.