Спорт | 23:36 / 17.01.2016
9618
2 дақиқада ўқилади

“Реал” Зидан мураббийлигида кетма-кет иккинчи ўйинда рақиб дарвозасига 5 та гол урди

17 январда Мадриднинг “Реал” клуби Испания Примерасининг 20-тури доирасида ўз майдони “Сантьяго Бернабеу”да Хихоннинг “Спортинг” клубини қабул қилди.

“Қаймоқранглилар” учрашувнинг 1-бўлимидаёқ рақиб дарвозасига 5 та тўп киритиб, учрашув ғолиби ҳақидаги барча масалаларни ҳал қилиб қўйишди. Криштиану Роналду ва Карим Бензема дублга эришдилар, яна битта тўпни Гарет Бэйл ўз ҳисобига ёзиб қўйди.

Учрашувнинг 2-бўлимида “Реал” сустроқ ўйин намойиш қилди ва рақиб дарвозасига бошқа тўп йўлламади. Бироқ меҳмонлар Исмаэл Лопеснинг саъй-ҳаракатлари билан престиж тўпини киритишга муваффақ бўлишди. Натижавий ҳисоб 5:1 кўринишида қироллик клуби ҳисобига якунланди.

“Реал”нинг ушбу ғалабаси клубнинг янги бош мураббийи Зинедин Зидан бошчилигидаги иккинчи йирик ғалабаси бўлди. Ўтган турда “Реал” ўз майдонида “Депортиво” дарвозасига ҳам жавобсиз 5 та тўп киритганди.

Испания Примераси. 20-тур
Реал Мадрид – Спортинг Хихон – 5:1
Голлар: Бэйл, 7 (1:0); Роналду, 9 (2:0); Бензема, 12 (3:0); Роналду, 18 (4:0); Бензема, 41 (5:0); Лопес, 62 (5:1).