Жамият | 00:02 / 19.01.2016
5119
2 дақиқада ўқилади

АҚШда полициячи томонидан ўлдирилган қора танли эркак оиласи 4,8 млн доллар товон пули оладиган бўлди

АҚШда ҳужжатни текшириш пайтида полициячи томонидан ўлдирилган қора танли эркак яқинлари 4,8 млн доллар товон пули оладиган бўлди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВлар маълум қилди.

ОАВлар маълумотларига кўра, 2015 йил июлида Цинциннати университетида полициячи бўлиб ишлаган Рэй Тенсинг томонидан отиб ўлдирилган 43 ёшли Сэмюэл Дюбоуз оиласи судгача тартибда аввалроқ берилган даъво аризаси бўйича келишувга келди. Келишувга кўра, Тенсингни университет ҳудудини қўриқлаш учун ёллаган университет марҳумнинг оиласига кўрсатилган қийматни тўлаб беради ва унинг етим қолган 12 фарзандига университетда бепул таълим олишга ижозат беради.

Бундан ташқари, университет маъмурияти марҳумнинг оиласидан расман узр сўрайди ҳамда талабалар шаҳарчаси ҳудудида Дюбоуз хотирасига ёдгорлик барпо этади.

Ўтган йилнинг 19 июлида полициячи университет кампуси олдида олд томонида автомобиль рақами бўлмаган автомобилни тўхтатган. Полициячининг таъкидлашича, рулда бўлган Дюбоуз ҳайдовчилик гувоҳномасини кўрсатишдан бош тортган ва ўзини тажовузкорона тутиб, уни босиб кетишига бир бахя қолган. Оқибатда полициячи марҳумга бир марта ўқ узган, ўқ Дюбоузнинг бошига тегиши оқибатида у ҳалок бўлган.

Полициячи шундан кейин ишидан бўшатилган ва судга топширилган. Полициячи суд жараёнида ўзининг айбсизлигини таъкидлаган, бироқ суд ҳаками унинг кўрсатмаларини шубҳа остига олган. Ҳакамнинг айтишича, воқеа пайтида автомобиль полициячига ҳаттоки тегмаган. Прокурорнинг таъкидлашича, полициячи қурбонни атайлаб ўлдирган.

Тенсинг адвокатининг айтишича, суд унинг мижозига нохолис муносабатда бўлмоқда ва унинг устидан қора танли кишини ўлдирган оқ танли полициячи сифатида намойишкорона суд жараёнини уюштирмоқчи. Агар собиқ полициячи айбдор деб топилса, у умрбод қамоқ жазосига тортилиши мумкин.