Хитой раҳбари Си Цзиньпин 19 январдан Саудия Арабистони, Миср ва Эронга сафарини бошлайди
Хитой раҳбари Си Цзиньпин 19 январдан Яқин Шарқ бўйича сафарга жўнайди. У 24 январгача минтақанинг учта давлати – Саудия Арабистони, Миср ва Эронга ташриф буюради.
Си Цзиньпиннинг Саудия Арабистонига сафари охирги 7 йил ичидаги илк сафари бўлади. Хитой етакчиларининг Қоҳира ва Теҳронга ташриф буюришмаганига мос равишда 12 ва 14 йил бўлган.
Си Цзиньпин бу учта давлат етакчилари билан учрашишидан ташқари, Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши бош котиби Абдулатиф аз-Заёний, Араб давлатлари лигаси бош котиби Набил ал-Арабий билан учрашади ва бу ташкилотнинг бош қароргоҳида нутқ сўзлайди.
Хитой етакчиси ушбу сафар давомида дастлаб Саудия Арабистонига ташриф буюради. Ушбу давлат Хитойга асосий нефть етказиб берувчи давлат, Хитой эса ўз навбатида 2013 йилдан Саудия Арабистонининг бош савдо ҳамкори ҳисобланади.
Хитой, шунингдек, 16 январдан БМТ, АҚШ ва Европа Иттифоқи иқтисодий ва молиявий чекловлари бекор қилинган Эрон билан энергетика соҳасида ҳамкорликни фаоллаштиришни режалаштирмоқда.
Си Цзиньпин Мисрга ташрифи давомида ушбу давлат билан яқин йиллар учун ҳар томонлама ҳамкорлик режасини муҳокама қилмоқчи. Сафар чоғида бу давлат билан икки томонлама ҳамкорлик борасида бир қатор ҳужжатлар имзоланиши ҳамда Сувайш каналида Хитой-Миср савдо-иқтисодий ҳамкорлигининг иккинчи навбати очилиши режалаштирилмоқда.
Хитой етакчисининг бу давлатларга сафари Яқин Шарқ минтақасининг деярли барча давлатларида террорчилик фаолияти фаоллашган бир вақтда амал оширилмоқда. Шунинг учун террорчиликка қарши кураш масалалари Си Цзиньпин ташриф буюрадиган барча давлатларда ўтказиладиган музокараларда муҳокама қилинадиган асосий мавзулардан бири бўлади.