Дональд Туск Шенген ҳудуди 2 ойдан кейин йўқ бўлиб кетиши мумкинлигини айтди
Еврокенгаш раҳбари Дональд Туск шенген ҳудуди 2 ойдан кейин ўз фаолиятини тугатиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Сиёсатчининг изоҳлашича, Европа Иттифоқи давлатлари ўртасидаги визасиз тартиб агар давлатлар муҳожирлар билан боғлиқ масалани ҳал қила олмасалар, бекор қилиниши мумкин. “Бизда вазиятни назоратга олиш учун 2 ой вақт бор”, деб айтди Туск Европарламент депутатлари олдидаги нутқида. Тускнинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи агар ўзининг ташқи чегаралари хавфсизлигини таъминлай олмаса, “сиёсий лойиҳа сифатида инқирозга учрайди”.
Аввалроқ Еврокомиссия раҳбари Жан-Клод Юнкер шенген ҳудудининг йўқ бўлиб кетиши ЕИнинг мавжудлигига хавф солишидан огоҳлантирганди.
Айни пайтда ноқонуний муҳожирликнинг олдини олиш мақсадида Норвегия, Швеция, Дания, Германия, Франция, Мальта ва Австрияда чегара назорати амалга оширилмоқда. Вена 16 январда бундай амалиётга қайтишини эълон қилди. Австрия федерал канцлери Вернер Файман бундай чораларнинг кўрилишини ЕИнинг ташқи чегараларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишининг муваффақиятсизликка учраши билан тушунтирди. “Бундай вазиятда ҳар бир давлат ўз чегараларини назорат қилиши керак”, деб айтди Файман.
2015 йилда ЕИда муҳожирларнинг катта оқими сабабли инқироз юзага келди. БМТ маълумотларига кўра, 2016 йилда ЕИга муҳожирлик оқими 2 баробарга, ЕИ маълумотларига кўра эса 3 баробарга ошиши мумкин.
Очиқ чегаралар ҳақидаги Шенген конвенциясига кўра, келишувга аъзо давлатлар хавфсизлик ва жамоатчилик тартибини қўллаб-қувватлаш зарур бўлганда ички чегараларида паспорт назоратини вақтинчалик тиклаш ҳуқуқига эга.
Паспорт-виза назоратини соддалаштириш бўйича Шенген келишуви 1985 йил 14 июнда имзоланган ва дастлаб бешта давлат – Бельгия, Нидерландия, Люксембург, Франция ва Германияни ўз ичига олган. Ҳозирда ушбу ҳудудга 26 та Европа давлати киради.