ОАВ: турк тили Европа Иттифоқининг 25-расмий тилига айланиши мумкин
Кипр ҳукумати Европа Иттифоқининг тегишли идораларига турк тилини Европа Иттифоқининг навбатдаги расмий тили сифатида қабул қилиниши бўйича мурожаат қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Cyprus Mail газетаси маълум қилди.
Газета маълумотларига кўра, мамлакат президенти Никос Анастасиадис ҳукуматга Европа Иттифоқига аъзо давлат тилини расман тан олиниши бўйича ЕИда ўрнатилган тартиботларни аниқлаш вазифасини юклади. Бундан ташқари, Анастасиадис ўзининг бу қароридан тан олинмаган “Шимолий Кипр турк республикаси” етакчиси Мустафо Акинжини хабардор қилди. Акинжи ўз навбатида бу таклифга ижобий жавоб берди. Кўпчилик экспертларнинг фикрича, грек-кипр жамоатчилиги етакчисининг бу қадами Кипр масаласини ҳал қилиш бўйича музокараларда дўстона муҳитни яратишга қаратилган.
Айни вақтда турк тили Кипрнинг давлат тили ҳисобланади. Бироқ орол деярли икки қисмга бўлингани сабабли, турк тили оролнинг жанубий қисми – Кипр Республикасида ишлатилмайди.
Кипр миллий аломат бўйича 1974 йилдан Туркиянинг қуролли бостириб киришидан кейин иккига бўлинган. Ҳарбий ҳаракатлар оқибатида орол ҳудудининг тахминан 37 фоизи Туркия назоратига ўтган ва бу ерда 1983 йилда тан олинмаган Шимолий Кипр турк республикаси тузилгани эълон қилинган.