Ўзбекистон 2016 йилги энг яхши туристик йўналишлар рейтингига бошчилик қилди
Канаданинг G Adventures сайёҳлик оператори энг яхши саёҳат туризми йўналишлари бешталигини эълон қилди. Ушбу рўйхатнинг биринчи поғонасидан Марказий Осиё ўрин эгаллади.
“Мафтункор замин” – Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан Ўзбекистон ҳудуди шундай тавсифланди. Бу ерда саёҳатчиларга тарихнинг ўзи ҳикоя қилади. Гўзал ландшафтлар, ноёд қадимий архитектура ёдгорликлари, ўзига хос маданият, самимий меҳмондўстлик – буларнинг барчаси сайёҳларни ўзига жалб этмасдан қўймайди.
Иккинчи ўринда Япония тилга олинди. Шимолий Бразилия, Шимоли-шарқий АҚШ ва Шри-Ланка ҳам ТОП-5 қаторидан жой олди.
Маълумот учун, G Adventures – кичик гуруҳдаги одамлар учун сайёранинг турли бурчакларига саёҳатларни ташкил этиш бўйича жаҳондаги таниқли компаниялардан ҳисобланади. Компанияга 1990 йилда асос солинган бўлиб, Greenpeace сингари турли экологик ташкилотлар билан ҳамкорлик олиб боради. Мазкур оператор томонидан уюштириладиган саёҳатлар бир неча бор National Geographic Traveler журнали томонидан эътироф этилган.