Фан-техника | 22:28 / 21.01.2016
5586
2 дақиқада ўқилади

АҚШда уч ғилдиракли 200 от кучига эга автомобиль яратилди

АҚШнинг Vanderhall компанияси Morgan 3-Wheeler британ моделига рақобатдош деб аталаётган уч ғилдиракли Laguna деб номланган автомобиль яратди. Британ родстеридан фарқли, янги автомобиль мотоцикл двигатели эмас, балки автомобиль двигатели билан жиҳозланди.

“Лагуна” 200 от кучига эга турбомотор ёрдамида ҳаракатланади. Двигатель 6 поғонали “автомат” узатмалар қутиси (тезликлар руль остидаги дастак ёрдамида алмаштирилади) билан жуфтликда автомобилни 0 дан 100 км/соат тезликкача 4,5 сонияда тезлаштира олади. Автомобилнинг максимал тезлиги 220 км/соат билан электроника орқали чегараланган.

“Лагуна”нинг оғирлиги 703 килограммни ташкил қилади. У углепластик панеллар билан қоплаб чиқилган алюминий рама негизида қурилган. Машинага қўшимча равишда ҳимояловчи соябон таклиф қилинмоқда, у олд ойна таянчлари ва йўловчилар ўриндиқлари орқасидаги ёйларга ўрнатилади.

Машинанинг олдида 235/35 мм ли 19 дюймли, орқасида эса 315/30 мм ли 20 дюймли ғилдирак дисклари ўрнатилган. Уларга Toyo фирмаси покришкалари ўрнатилган. Автомобиль Brembo тормоз механизмлари олди.

Vanderhall Laguna’нинг базавий жиҳозланиши рўйхатига печкали кондиционер ва ўриндиқлар иситгичи киради. Қўшимча ҳақ эвазига Bluetooth’га эга 600 ваттли аудиотизим таклиф қилинади.

Автомобилнинг нархи 77 минг долларни ташкил қилмоқда. Автомобилга Vanderhall сайти орқали буюртма бериш мумкин.